Англияда “G7” саммити медиа маркази олдида катта намойишлар бўлмоқда

Минглаб намойишчилар шанба куни Англияда бўлиб ўтаётган G7 саммити халқаро медиа марказининг олдида тўпланиб, мамлакатларнинг иқлим ўзгариши бўйича сиёсатига ва бошқа турли масалаларга норозилик билдиришди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери “Еттилик” гуруҳининг биринчи юзма-юз саммити иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва глобаллашувга қарши курашишда фаол бўлган турли хил ташкилотларни жалб қилди, аммо ҳозиргача уларнинг ҳеч бири юқори даражадаги хавфсизлик чоралари туфайли дунё раҳбарлари турадиган Корнуолдаги асосий майдонга яқинлашмади.

Карбис кўрфази шаҳри ва унга олиб борадиган йўллар яқинида узун металл панжара ўрнатилиб, маҳаллий аҳолидан бошқа ҳамма учун ёпилди.

Намойишчилар ўзларининг норозиликларини саммитни ёритадиган оммавий ахборот воситалари учун база сифатида фойдаланиладиган Фалмут яқинидаги шаҳарчада уюштиришга интилдилар.

Намойишчилар G7 нинг атроф-муҳитга нисбатан ҳаракатсизлигини танқид қилиб, дунё раҳбарларини иқлим ўзгаришига қарши кўпроқ чоралар кўришга чақиришди ва: “Улар бизни пуч ваъдалар билан алдашди”, дейишди.

Бошқалар Мянма ва Кашмирдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва Эфиопиянинг шимолий Тиграй минтақасидаги урушига норозилик билдиришди.

Етти йирик саноат мамлакатлари гуруҳига АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Канада ва Япония киради.