Apple Улрих Кранцни ишга қабул қилди

Apple компанияси собиқ BMW вице-президенти ва электромобиллар (EV) стартап лойиҳаси Canoo асосчиларидан бири бўлмиш Улрих Кранцни ишга қабул қилди. Кўрнишидан, Apple электр машиналари ишлаб чиқариш лойиҳасини қайта тикламоқчи.

Bloomberg нинг хабар беришича, Кранцнинг ишга қабул қилиниши Apple компанияси амалга оширган энг муҳим стратегиялардан биридир.

Apple электромобил лойиҳаси бир неча йиллардан бери “ишлаб-ишламай” келаётганди.

Hyundai билан таъминот шартномасини имзолаган EV платформасини ишлаб чиқарувчи Canoo компаниясига асос солишдан олдин, Кранц 30 йиллик ҳаётини BMW да ўтказган. Сўнгги вақтларда у амалга оширган энг муҳим лойиҳалар BMW i3 ва i8 моделлари ҳисобланади.

Bloomberg хабарига кўра Кранц Canoo дан икки ой олдин “кетган” ва Apple да “сўнгги ҳафталарда” иш бошлаган.

Apple компаниясининг электромобиллар ишлаб чиқариш дастури “Project Titan” деб номланади. Apple етакчи электр ускуналар ишлаб чиқарувчи LG Electronics компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаш арафасида эканлиги ҳақида хабар берилган. Шартномага кўра LG Electronics Project Titan прототипларини яратади.

Кранц Apple да қандай роль ўйнаши ҳозирча номаълум, аммо тахминларга кўра у, Tesla Model 3 ишлаб чиқариш лойиҳасида етакчилик қилган Project Titan бошқарувчиси Даг Филд қўл остида фаолият олиб боради.