Apple ходимлари орасида норозилик

Компания Бош директори Тим Кук ишчилардан жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ҳафтасига уч кун идорага қайтиб ишлашни бошлашларини илтимос қилганидан сўнг “Apple” ишчилари исён кўтаришди.

Корхона раҳбари ходимларни сентябрь ойидан ҳафтасига камида уч кун идорага қайтариш бўйича янги топшириқни берганидан сўнг, корхона ходимлари ўз ғазабларини яшира олмадилар.

Жума куни имзоланиб юборилган ёзма мурожаатда баён қилинган Кукнинг янгича сиёсати устидан Apple ходимлари “бу муддат эҳтиёжларимизни қондириш учун етарли эмас” дея шикоят қилмоқдалар.

Apple ходимлари “Сўнгги бир йил ичида бизни аксарият ҳолларда эшитишни хоҳламадилар, баъзида эса умуман эътиборсиз қолдирдилар”, деб ўз эътирозларини ифода этганлар.

Купертинода жойлашган Apple компаниясининг бош идораси ходимларининг ўртача иш ҳақи тахминан 125000 долларни ташкил этади.

Пандемиядан илгари масофадан ишлашга қарши чиққан ва ишда талабчан бўлган Apple Facebook ва Твиттердан кўра кўпроқ консерватив ёндашувни қўлламоқда. Унинг рақиблари бўлган ушбу иккита техногигантлар эса ўз ходимларига, агар улар хоҳлашса, доимий равишда масофадан туриб ишлашга имкон яратиб бермоқдалар.

Google ҳам ходимларни АҚШдаги идораларга ишга қайтариш бўйича режаларини эълон қилгандан сўнг, уларнинг норозилигига учради. Ўтган ой эса, ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб, компания бу фикридан қайтди ҳамда ишчиларнинг 20 фоизигача уйдан туриб доимий ишлашга рухсат берди.