АҚШ чет эллик тадбиркорларни йўқотиб бормоқда

Узоқ вақт давомида тадбиркорлик макони ва муҳожирлар учун умид маскани бўлган Америка ҳозирги пайтда чет элликлар учун турли тўсиқлар қўядиган, ўта сиёсийлаштирилган иммиграция тизими билан танилган. АҚШда иш бошламоқчи бўлган иммигрантлар бир неча йиллар давомида ўзларининг виза категорияларидан бирини, масалан, E-2 (АҚШ билан шартномага эга бўлган мамлакатлар инвесторлари учун) ёки О-1 (фавқулодда қобилиятга эга бўлган шахслар учун), ёҳуд яна шундай ўнлаб бошқа тоифалардан бирини танлашларига тўғри келади.

Аслида уларнинг ҳеч бири иммигрантларнинг асл мақсадларини тўла ифода эта олмайди. Собиқ президент Доналд Трампнинг муҳожирларга нисбатан очиқ душманлиги ҳозирги маъмурият томонидан қўллаб-қувватланмаяпти, аммо на Президент Жо Байден, на Конгресс АҚШга янги келган ва келмоқчи бўлган юқори малакали мутахассислар учун янада қулайроқ шароит яратиш зарур чораларни кўряпти.

Бир неча йиллар давомида АҚШ дунёнинг энг яхши ва энг ақлли мутахассисларини ўзига жалб қилди. Аммо эндиликда бутун дунё бўйлаб тадбиркорларга кўпроқ ва осонроқ танлов имкониятлари тақдим қилинмоқда. Сингапур ва Буюк Британия каби ривожланган давлатларни ўз ичига олган тахминан 25 та мамлакат сўнгги ўн йил ичида ташкил этилган стартап визалари билан тадбиркорларни ўзларига жалб қилмоқдалар.

Стартап визасининг аҳамияти ҳақида очиқчасига айтар экан, AOL ва “Revolution” инвестиция фирмаларининг асосчиси миллиардер Стив Кейс “иқтидорлар” учун глобал кураш кетаётганни яширмади. “Биз АҚШга келиб, АҚШда қолишни ва Қўшма Штатларда ўз компанияларини очишни ва қуришни истовчи энг яхши ва етакчи ғояларга эга бўлган ақлли ва иқтидорли одамларни жалб қилишимиз керак. Акс ҳолда, биз дунёдаги энг инновацион, ташаббускор халқ сифатида етакчиликни йўқотиб қўямиз”, – дейди Стив.