АҚШ элчихонаси Россиядаги консуллик хизматларини тўхтатади

“2021 йил 1 августдан бошлаб АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ўзининг дипломатик ваколатхонаси ходимлари сонининг қисқариши сабабли консуллик хизматларини кўрсатишни тўхтатади”, – деди АҚШ элчиси Жон Салливан “Дожд” мустақил телеканалига берган интервьюсида.

Салливаннинг сўзларига кўра, ходимлар етишмаслиги сабабли консуллик хизматлари “бирорта ҳам виза аризаларини кўриб чиқа олмайди”.

“1 августдан кейин бизда, бу ерда ишлайдиганлар (сони) жуда кам бўлади, шунинг учун биз, америкаликлар учун ҳам, руслар учун ҳам жуда зарур бўлган консуллик хизматларини кўрсатолмаймиз. Бу фақатгина АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларга тўсиқ бўлиб қолмай, оилалар, шунингдек, бизнес, тижорат учун ҳам жиддий таъсирга эга”.

Эслатиб ўтамиз, Москва ва Вашингтонга элчиларнинг қайтиши 16 июнь куни Женевада Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасида бўлиб ўтган саммитдан кейин содир бўлди.