АҚШнинг Яқин Шарқдаги таъсири камаймоқда

Байден маъмурияти АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий тизимлари сонини кескин камайтирмоқда ва эътиборини Хитой ва Россиянинг ҳарбий салоҳиятига қарши туришга қаратмоқда.

Расмийларга кўра, Пентагон Ироқ, Қувайт, Иордания ва Саудия Арабистони каби мамлакатлардан тахминан саккизта Патриот ракета ҳужумига қарши батареяларини олиб чиқиб кетяпти. Саудия Арабистонидан, шунингдек, Thaad (Terminal High Altitude Area Defence) тизими деб номланувчи яна бир ракета ҳужумига қарши блок олиб ташланди, минтақадаги реактив қирувчи эскадронлар сони кескин қисқартирилди.

Эндиликда Байден маъмурияти миллий хавфсизлик майдонидаги асосий рақиби бўлмиш Хитойга қарши курашга асосий эътиборни йўналтирмоқчи.

АҚШ Ироқдаги ҳарбий иштироки ҳам камаймоқда. У ердаги ҳарбий контингентнинг ярми, ёки 2500 нафар аскар мамлакатдан олиб чиқиб кетилган.

Эрон 2020 йилнинг январида Америка қўшинлари жойлашган Ироқнинг ғарбий қисмидаги Ал Асад ҳарбий базасига ракета ҳужумларини уюштирганидан кейин АҚШ Патриот тизимларини Ироққа кўчирганди. Эроннинг ҳужуми мамлакатнинг Олий ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймонийнинг АҚШ томонидан ўлдирилгани оқибатида келиб чиққан.

2019 йил сентябрь ойида эса Саудия Арабистонидаги нефть иншооти Эрон дронлари ҳужумига учраганидан кейин АҚШ Патриот батареялари ва Thaad тизимини Саудия Арабистонида ўрнатишни бошлаган.