Аргентина президенти Алберто Фернандес узр сўради

Аргентина президенти ўз мамлакатининг Европа мероси ҳақида сўзлаётганда бразилияликларни “ўрмондан келган” дегани учун узр сўради.

“Мексикаликлар ҳиндулардан, бразилияликлар ўрмондан келган, аммо биз аргентиналиклар кемаларда келганмиз ва улар Европадан келган”, – деган эди Алберто Фернандес. Ушбу сўзлар машҳур бир қўшиқдан парча бўлиб, у ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди.

Президент ушбу зиддиятли изоҳини мамлакатга ташриф буюрган Испания Бош вазири Педро Санчес билан Буэнос Айресда ишбилармонлар иштирокидаги учрашувда айтди.

Жаноб Фернандес мексикалик шоир Октавио Пазнинг шеърларидан иқтибос келтирганини таъкидласада, шарҳловчилар ушбу “камситувчи” ибора аргентиналик мусиқачи Лито Неббия томонидан ижро этилган ашуладан олинганлигини аниқладилар.

Президентнинг гапи Бразилиянинг оммавий ахборот воситаларида намойиш этилди. Бразилия президенти Болсонаронинг ўғли, конгрессмен Эдуардо Болсонаро бу шарҳларни “ирқий камситиш” дея баҳолаб, Аргентина иқтисодиётининг жиддий муаммоларига эътибор қаратди. “Мен чўкаётган кема Аргентинанинг кемаси деб айтган бўлардим”, – деб ёзди у твиттердаги саҳифасида.

Кейинчалик жаноб Фернандес “20 асрнинг биринчи ярмида биз маҳаллий халқ билан тинч-тотув яшаётган беш миллиондан ортиқ муҳожирларни қабул қилдик. Биз (мамлакатимиздаги миллатлар) хилма хиллигидан фахрланамиз” деди. У “Мен ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасдим, ҳар ҳолда, ким хафа бўлган бўлса … мен узр сўрайман” дея қўшимча қилди.