Астрономлар юзлаб сирли тезкор радио сигналларни қайд этишди

Канада ва Америка Қўшма Штатлари олимлари CHIME радио телескопи биринчи иш йилида 500 дан ортиқ сирли радио сигналларни аниқлаганлигини эълон қилишди.

Олимларнинг таъкидлашича, Британия Колумбиясидаги Доминион Радиоастрофизика Обсерваториясидаги CHIME телескопи аниқлаган бу сирли ҳодиса бошланганидан бери кузатилган сигналлардан тўрт баравар кўп.

Тезкор радио сигналлар – қисқа, тезкор, жуда ёрқин импулслар бўлиб, улар электромагнит спектрнинг радио диапазонида аниқланади.

Олимлар ушбу сигналларнинг манбасини ҳали аниқлай олмадилар. Аммо Америка Астрономия Жамиятининг 238-йиғилишига тақдим этилган ҳисобот маълумотларига кўра, CHIME телескопи 2018 йилдан 2019 йилгача 535 та янги сигнални аниқлади.

Мониторинг натижаларига кўра олимлар биринчи тезкор радио сигналларининг каталогини ишлаб чиқдилар, унда ушбу сигналларнинг характеристикалари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд: битта ёки такрорий. Тадқиқотчилар такрорланадиган сигналларни чиқарадиган 18 та манбани аниқладилар.

Тадқиқотчиларга такрорий сигналларнинг характеристикалари ягона сигналлардан фарқ қилиши аниқ бўлди, чунки уларнинг давомийлиги узоқроқ ва улардан чиқадиган радиотўлқин нурлари ягона импулслар механизми такрорланган импулслар механизмидан фарқ қилади ва уларнинг манбаси бошқача.

Массачусетс технология институти физиги Киёши Масуининг таъкидлашича, CHIME телескопи шунга ўхшаш телескоплардан фарқ қилади ва бир вақтнинг ўзида осмоннинг ярмини қоплайдиган тўртта параболик антеннадан иборат.

Астрономларга ушбу сигналларнинг манбалари космосда деярли тенг равишда тақсимлангани ва узоқ галактикалардан чиқаётгани ва уларнинг улкан энергия манбалари эканлиги аниқ бўлди.

Тадқиқотчилар бундай ултра ёрқин ва тезкор сигналларни яратиши мумкин бўлган ҳодисаларни аниқлай олишларига умид қилишади.