Австралиялик уйғурларнинг қариндошлари қаерга ғойиб бўлишди?

Юсуф Ҳусайн Аделаида шаҳрида яшовчи Австралия фуқароси. У ҳар ҳафта Хитойдаги кекса ота-онаси билан гаплашар эди, аммо 2017 йилдан буён улар билан боғланишнинг имкони бўлмаяпти.

Human Rights Watch нинг сўнгги ҳисоботида айтилишича, Хитой ҳукумати ғарбий Шинжон минтақасида аксарият мусулмон уйғурларга нисбатан “инсониятга қарши жиноятлар” содир этганликда айбланмоқда. Жиноятлар таркибига қамоқ, мажбурий меҳнат, жинсий зўравонлик, қийноқлар ва қотилликлар киритилган.

Ҳусайн 85 ёшли отаси-онаси ва ака-укаларини “контсентрацион лагерь”га кўчирилганига ишонади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тахминига кўра у ерда миллионлаб уйғурлар мажбурий тарзда ушлаб турилибди. Хитой ҳукумати эса лагерларни “касбий маҳоратга қайта ўқитиш”га иҳтисослашган “таълим” марказлари деб атайди.

33 ёшли Марҳаба Ёқуб Салай, Ҳусайн сингари, 2011 йилда Австралиянинг Аделаида шаҳрига кўчиб келган. Унинг синглиси Майила Якуфу ҳам ҳозирда Шинжонда қамоқда ва Марҳаба уни озод қилиш учун Халқаро Амнистия кампаниясида қатнашмоқда.

Австралия ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра Салайнинг синглиси “террорчилик фаолиятини молиялаштиришда гумон қилиниб” ҳибсга олинган.

“Бу айблов биз унга Австралиядан пул юборганимиздан кейин “ўйлаб топилган. Биз пулни терроризм учун эмас, балки уй сотиб олиш учун юборгандик… Аммо Хитой ҳукумати синглимни … терроризмни қўллаб-қувватлашда айбламоқда”, – дейди Салай. Салай бундай айбловлар Хитой ҳукумати томонидан унинг уйғур синглисини ҳибсга олиш мақсадида ўйлаб топилганига ишонади.

Шунингдек, Аделаида уйғур жамоаси аъзоси Алмас Низанидиннинг яқинлари ҳам Хитойда изсиз “ғойиб бўлган”. 2017 йилда унинг рафиқаси 29 ёшли Бузайнафу Абудурехити “айбсиз” ва “далилсиз” ҳолда етти йилга озодликдан маҳрум қилинди. Якуфу сингари, Абудоурехити ҳам Халқаро Амнистия ташкилотининг уйғуларни озод қилиш кампанияси дастурига киритилган.

Низанидин ўзи 2009 йилдан бери яшаб келаётган Австралияга турмуш ўртоғининг ҳижрат қилишида ёрдам бериш учун Хитойга бормоқчи эди, аммо у бунга улгуролмай қолди. Низанидиннинг айтишича, унинг 55 ёшли ўрта мактаб математикаси ўқитувчиси бўлган онаси ҳам ҳибсга олинган ва икки йилдан кўпроқ вақт давомида қамоқда сақланган. Охир-оқибат у ўтган йили озод қилинган, аммо Низанидиннинг онаси билан телефонда гаплашганда, онаси бошидан ўтказганлари ҳақида ҳеч нарса демайди. “У (онам) шок ҳолатида, у ҳамма нарсадан қўрқиб қолган, ҳеч нарса айтмоқчи эмас”, – деди Низаниддин. Онам менга ҳам “Тилингни тий, жим юр. Фақат ўзигнинг ишинг билан шуғуллан, Хитойга (ҳукумат) қарши ҳеч нарса демаʼʼ, дея қайта-қайта таъкидлайди.

Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Қўшма Штатлар ва Канада ҳукуматлари уйғурларга муносабати учун Хитойга босим ўтказаётган бир пайтда, Ҳусайн, Салай ва Низанидинлар Австралия ҳукумати ҳам шу йўлни тутиши керак деб ҳисоблайдилар.