Байден битирувчиларни “ирқчилик” ва Ветнам урушини эслаган ҳолда табриклади

АҚШ президенти Жо Байден битирувчиларни табриклар экан, уларга тизимли ирқчилик “давримизнинг энг катта муаммоси” эканлигини айтиб, буни ҳудди Ветнам урушига ўхшаш давлат учун “нозик нуқта” эканлигини таъкидлаб ўтди. Байденнинг битирувчилар томон йўллаган қисқача видео мурожаати Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилди.

Ўқув юртларини эндигина тугаллаган талабаларни фуқаролик ҳуқуқлари учун курашилган ва урушга қарши норозилик ҳаракатлари авж олган даврдаги таълимни тамомлаган талабалар билан таққослар экан, Байден уларни “замонамизнинг энг катта инқирозларидан бири” дея баҳоланаётган иқлим ўзгариши ва тизимли ирқчиликка қарши курашишда фурсатдан фойдаланишга ундади.

Байден битирувчиларга ҳар бир янги авлод фақат бир мартагина тарихда “… мамлакат ривожланиш йўналишини ўзгартириш имконияти…” га эга бўлишини тушунтириб ўтди. У ўзининг мурожаатида битирувчиларни “Америка тарихидаги энг иқтидорли ва истеъдодли ҳамда кучли салоҳиятга эга авлодлардан бири” сифатида тавсифлаб, мамнунлигини билдирди.

Байден илгари ҳам бир неча марта тизимли ирқчилик мавжудлигини, аммо америкаликларнинг ўзлари ирқчи эмаслигига ишонишини айтиб ўтган.