Бир гуруҳ АҚШ қонунчилари Байденни Россия билан ҳамкорлик қилишга чақирмоқда

Россия-Америка саммити арафасида АҚШнинг 15 нафар қонун чиқарувчиси Президент Жо Байденга Россия билан глобал аҳамиятга эга бўлган турли соҳаларда, шу жумладан, қурол назорати соҳасида ҳамкорлик қилишни таклиф қилиб мактуб юборди.

Ушбу қонунчилар Байден-Путин учрашувини қўллаб-қувватлашларини айтиб, АҚШнинг барча президентлари Совет Иттифоқи ва Россия раҳбарлари билан шахсий учрашувлар ўтказганлигини таъкидладилар.

Мактубда Россия ва Қўшма Штатлар дунёдаги ядровий каллакларнинг 90 фоизига эгалиги ва ядровий қурол тарқалиши, ҳатто ядро урушидан қочиш учун икки мамлакат ўртасидаги дипломатик ҳамкорлик зарурлиги таъкидланган. Бу борада Конгресс аъзолари президентни ядровий қуролга харажатларни кўпайтириш бўйича жорий таклифларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишга чақирдилар.

Мактубининг якунида АҚШ қонун чиқарувчилари АҚШ ва Россия президентларининг саммити АҚШ ва унинг шерикларининг суверенитетини ҳимоя қилишига, Украинанинг шарқидаги можаро каби низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга умид қилишларини билдирдилар.