Бир Кушон обидаси-Чағониён

Чағониён (араб. Сағониён) – Сурхондарё (Чағонруд)нинг ўрта ва юқори оқими бўйларида жойлашган тарихий маданий вилоят. Дастлаб Сюан Цзань томонидан (мил. тахминан 630 й.) қайд этилган. Бу ҳудудда инсонлар яшаганлигининг энг қадимги излари мезолит ва неолит даврларига оид. Милоддан аввалги 2 минг йилликнинг 2 ярмида бу ерда илк деҳқончилик манзилгоҳлари (Мўлалитепа), милоддан аввалги 1-минг йиллик ўртасида эса илк шаҳар (Қизилтепа) вужудга келган. Милоддан аввалги 1 аср — милодий 1 асрда Чағониён юечжилар давлатининг асосий марказларидан бири бўлган. Милодий 1—3-асрларда Чағониён Кушон подшолиги таркибига кирган. Чағониённинг иқтисоди ва маданияти бу даврда равнақ топган, кўплаб шаҳар ва қишлоқлар вужудга келган, товар-пул муносабатлари, суғорма деҳқончилик, турли касб-ҳунарлар, тасвирий ва амалий санъат (айниқса, ҳайкалтарошлик) ривожланган (Холчаён, Далварзинтепа). Милодий 3—4-асрларнинг 2 ярмида Чағониён сосоний кушоншохлар қўл остида бўлган. Милодий 5-асрнинг 2 ярми — 6-асрда вилоят аввал Эфталийлар, сўнгра Сосонийлар давлати таркибига кирган. 6-асрнинг 2 ярмидан — 8-асрнинг 2 ярмигача Чағониённи маҳаллий сулола бошқарган, у номигагина Тохаристоннинг олий ҳукмдорлари — туркий ябғуларга бўйсунган. Чағониённинг айрим ҳукмдорлари — хидевлар ёки чағонхудотларнинг исмлари ёзма, эпиграфик ва нумизматик маълумотлар бўйича аниқланган: Фағаниш, Сашр, Зарин, Туронтош, Тиш, Хнар. Милодий 7-асрнинг 2ярмида Чағониёнга араблар кириб келган, улар 8-аср охирида маҳаллий сулолани тугатганлар. 9-аср нинг ўртаси ёхуд 2ярмидан 11 а. бошигача Чағониён — сомонийларнинг энг қудратли ярим мустақил вассалларидан ҳисобланган мухтожийлар сулоласидан бўлган ҳокимларнинг меросий мулки бўлган. Бу сулола амирлари Абу Бакр Муҳаммад бин Музаффар (940/941 йил в.э.), айниқса, Аҳмад бин Абу Бакр Муҳаммад — Абу Али Чағоний (955/956 йил) Сомонийлар саройида энг муҳим маъмурий мансабларни (жумладан, Хуросон ноиби ва сипоҳсолорлик) эгаллаганлар. Мухтожийлар даврида Чағониён таркибига ҳозирги Сурхондарё вилоятидан ташқари Тожикистоннинг шимолий-ғарбидаги Шуман ва Охарун вилоятлари кирган. Чағониён пойтахти ҳам Сағониён деб аталиб, Деновдан 6 км жан.шарқсаги Будроч шаҳри харобаси ўрнида бўлган. Чағониён (Сағониён) шаҳри бу даврда Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодий ва маданий марказларидан бири бўлган. Чағониён Амири Ахмад бин Муҳаммад эса кўплаб буюк шоирлар (Дақиқий, Фаррухий, Манжуқий) ҳомийси (мамдух) сифатида Шарқса шуҳрат қозонган. 11 асрнинг 1ярмида Чағониён маʼлум даражада қорахонийларга қарам бўлган, айрим вақтларда у мустақил мулк ҳисобланган. 11а.нинг 2ярми — ХИ-асрнинг биринчи ярмида Чағониён Салжуқийлар давлати таркибига кирган. 11-асрнинг 2ярми — 13-аср бопш Чағониённи қорахонийлар, қарлуклар, ғурийлар, хоразмшохлар идора зтган. Мўғуллар истилосидан сўнг 13аср ўртасида Чағониён Чиғатойхоннинг набираси Есун Туванинг, сўнгра унинг ўғли Бароқнинг меросий мулкига айланган. Бу даврда Янги шаҳар илгариги рабод ўрнида вужудга келиб 16-аср бошига қадар мавжуд бўлган.

Темурийлар даврида Чағониён Абу Саид Мирзо тасарруфида, Бобур замонида эса унинг амакиси Султон Маҳмуд Мирзога қарашли бўлган. Бобурнинг ёзишича, Султон Ҳусайн Мирзонинг бекларидан бири Хисравшоҳ Бойсунғур Мирзо билан бирикиб Чағониённи эгаллаб олган. Сўнгра унинг укаси Боқи Чағониёний мулкига айланган. Бобур Самарқандни ташлаб чиққанида маълум муддат Чағониён да сарсон юрган. Унинг баъзи бек ва навкарлари Бобурдан айрилиб, Хисравшоҳга бориб қўшилгани “Бобурнома”да қайд қилинган.

Чағониён охирги марта Шайбонийхон томонидан босиб олинган. Шундан сўнг асосий марказ Деҳинав (ҳозирги Денов)га кўчган.

*****

 Ртвеладзе Э. В., Великий шелковый путь китобидан олинди.

Тошкент, 1999.