Бир қанча хориждаги ватандош ёшлар давлат мукофоти билан тақдирланди

30 июнь Ўзбекистонда Ёшлар куни деб белгиланган. Шу муносабат билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.

Фармон билан ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, танлаган касб йўналиши ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фаол ва етакчи ёшларимиз турли давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Жумладан, бугунги кунда хорижда яшаш меҳнат қилаётган қуйидаги ватандошларимиз ҳам тақдирланишди.

«Дўстлик» ордени билан:

Абдураимов Беҳзод Абдуразакович – Америка Қўшма Штатлари Миссури штатидаги Парк университети мусиқа маркази резиденти,

«Шуҳрат» медали билан:

Жумаев Эргаш Рузимурадович – Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркия Республикасидаги вакили,

Шарифова Муштарий Ихтиёр қизи – «Tesla» компаниясининг ахборот технологияларини режалаштириш бўйича таҳлилчиси.

Тақдирланганлар қаторида яқинда халқимизга таништириш мақсадида «Ватандош» таҳририяти суҳбатлашган ёш ватандошимиз, бугунги кунда Германияда яшаб «Тесла» компаниясида ишлаб келаётган Муштарий Шарифованинг ҳам борлиги қувонарли хабар бўлди.

Мукофотланган барча ёшларимизга келгуси ишларида омад тилаб қоламиз.

Ҳали бундай иқтидорли ва ватанпарвар ёшларимиз жуда кўп. Келгусида яна шундай ватандошларимизни халқимизга таништиришда давом этамиз.

Азамат Бегалиев