Биринчи рақамли Марс базаси қаерда?

Биринчи рақамли Марс базаси (Mars Base One) Қизил сайёрада эмас, балки Гоби саҳросида жойлашган. Комплекс Хитойнинг шимоли ғарбидаги Гансу провинциясининг Жинчанг шаҳридан атиги 40 км узоқликда қад ростлаган.

Ушбу база Марс сайёрасидаги ҳаёт қандай бўлиши ҳақида тасаввур уйғотиш учун қурилган. Жамланма тўққизта капсуладан иборат бўлиб, улар орасида бошқарув хонаси, био-модул (иссиқхона ва лаборатория), ташқарига чиқиш хонаси, тиббиёт хонаси, чиқиндиларни қайта ишлаш бўлими, яшаш хоналари, фитнес ва кўнгилочар хоналар мавжуд. Биринчи рақамли Марс базаси C-Space- Хитой астронавтлар маркази ва Хитой қитъалараро алоқа марказининг таълим ташаббуси билан яратилган.

“Марс базаси ташриф буюрувчиларга кундалик ҳаётнинг барча жабҳалари жуда чекланган ресурслар билан қандай ўтишини ва ёпиқ муҳитда яшаш нимани англатишини тушунишга ёрдам беради. Сувни асраш ва охирги томчигача қайта ишлаш керак. Озиқ-овқат маҳсулотлари таркиби базадаги одамларнинг қувватини етарли даражада сақлаб туриш учун оқсилларга бой бўлиши шарт. Агар базадан ташқарига чиқмоқчи бўлсангиз космик костюмни кийишингизга тўғри келади”, – дейди C-Space вакили.

1115 квадрат метр майдонга эга ушбу ўқув муассасаси хитойлик ўқувчиларни космик тадқиқотларга илҳомлантиришига ҳамда Хитойнинг сайёралараро тадқиқотлар ўйинида АҚШ ва Россияни ортда қолдиришига ёрдам беради, дея умид қилинмоқда.