БМТ ҳисоботи: дунё бўйлаб қочқинлар сони икки бараварга ўсган

Туркия кетма-кет еттинчи йил қочқинларни энг кўп қабул қилган мамлакатлар рўйхатида етакчиликни бермай келяпти.

Бу йил урушлар, зўравонлик, таъқиблар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши оқибатида қочиб келган муҳожирлар сони ўтган 10 йиллик кўрсаткичларнинг максимумига – 82,4 миллион кишига етди. Ушбу сонлар БМТ қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг “2020 йил Глобал тенденциялари” ҳисоботида келтирилган.

Коронавирус пандемияси миграция оқимларининг сустлашишига ва бошпана сўровлари сонининг сезиларли даражада камайишига олиб келган бўлсада, бу сўнгги ўн йил ичида миграция қилган шахслар сонининг икки баробарга ортишига тўсқинлик қила олмади. Мамлакатлардаги ички кўчишлар оқибатида мигрантлар сони 48 миллион нафарга яқинлашди.

3,7 миллион нафар қочқинларни қабул қилган Туркия, мана, етти йилдир-ки муҳожирлар киритилган мамлакатлар рўйхатини бошқариб келмоқда. Ундан кейинги ўринларда Колумбия (1,7 миллион), Покистон ва Уганда (1,4 миллион) ва Германия (1,2 миллион) давлатлари ўрин олишган.