БМТ ҳисоботи: Урушларнинг рақамлардаги акси

Можаро таъсирига тушиб қолган тинч аҳоли, ўзаро урушаётган кучлар аъзоларига қараганда кўпроқ ўлдирилади ва жароҳатланади. Ўтган йили БМТ фақатгина Афғонистон, Сурия ва Яманда 11892 нафар тинч аҳолининг қурбон бўлганини қайд этди. Фуқаролар, шунингдек, зўравонлик, жинсий зўравонлик, қийноқлар, ғойиб бўлиш, оммавий кўчиш ва озиқ-овқат етишмаслиги, ҳатто очлик ҳолатларининг гирдобида қолмоқдалар.

Мактаблар ва шифохоналар, уйлар ва ибодат маконлари, бозорлар ва аэропортлар, сув омборлари ва электр станциялари тўқнашувлар давомида ер билан яксон қилинмоқда. Айниқса урушлар келтирган талофатлар Марказий Африка Республикаси, Эфиопия, Ливия, Мозамбик, Нигерия, истило қилинган Фаластин ҳудудлари, Сурия ва Яман давлатларида узоқ йиллар давомида ривожланишни ортга тортиши кутилмоқда.

88 фоиз

Уруш ва тўқнашувларда портловчи қуролдан фойдаланиш натижасида ҳалок бўлган ёки яраланганларнинг 88 фоизи тинч аҳоли вакиллари бўлган. 2020 йилда Афғонистон, Ливия, Сурия ва Яманда тинч аҳоли можароларнинг энг кўп қурбонлари бўлганлар.

99 миллион

Зиддият ва хатар мавжуд бўлган 23 мамлакатдаги 99 миллиондан зиёд одам 2020 йил охирига келиб очлик ёки ўткир озиқ-овқат етишмаслигига дуч келди. Аҳолининг 60 фоизи озиқ-овқат билан таъминланмаган Сурияда ўтган йили асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 236 фоизга ошган.

79,5 миллион

Бу 2020 йил ўрталарига қадар мажбуран кўчирилган одамлар сони ҳисобланади.

182

Тиббиёт ходимларига қилинган ҳужумлар 2020 йилда ҳам давом этди. Улар орасида жароҳатлаш, ҳибсга олиш, асирга олиш ва зўравонлик таҳдидлари ҳам кенг учраб турди. Можародан зарар кўрган 22 мамлакатда 182 нафар соғлиқни сақлаш ходимлари ўлдирилди. Ўлимларнинг энг катта нисбати Буркина-Фасо, Конго Демократик Республикаси, Сомали ва Сурия ҳиссаларига тўғри келади.

Тўрттадан биттаси

2020 йилда болалар миналардан, қўлбола портловчи мосламалар ва урушнинг портловчи қолдиқларидан қурбон бўлган тинч аҳолининг тўртдан бир қисмини ташкил этди. Омон қолган болалар умр бўйи ногиронликка маҳкум бўлдилар: уларнинг аксариятининг тана аъзолари ампутация қилинади, улар кўриш ва эшитиш қобилиятларини йўқотадилар. БМТ миналар ва портловчи моддалар оқибатида 6766 нафар тинч аҳолининг қурбон бўлганини қайд этди. Уларнинг сони энг кўп Афғонистон, Сурия ва Яманга тўғри келади.

160 миллион 160 миллиондан ортиқ одамлар нотинч ёки можаролар таъсир қилган ёҳуд қилаётган ҳудудларда яшайдилар. Уларда КОВИД-19 га қарши эмланмаслик хавфи ҳам мавжуд. Афғонистондан Мянмагача, Мозамбикдан Ямангача бўлган ҳудудларда гуманитар ёрдам берувчи ташкилотлар ёрдамга муҳтож одамларга кўмак юборишда кўплаб муаммоларга дуч келишмоқда.