БМТ: Хитойда озчилик миллат вакилларининг соғлиги жиддий хавф остида

БМТнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Хитойда қамоқ жазосини ўтаётган диний ва этник озчиликларнинг вакилларидан ички органлар мажбуран олиб ташлаш амалиёти олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирга тушмоқдалар. Гап уйғурлар, тибетликлар, мусулмонлар, насронийлар ва “Фалунгун” ҳаракати иштирокчилари ҳақида кетмоқда.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идорасига келиб тушган хабарларга кўра, этник ва диний озчиликларга мансуб маҳбуслардан ўзларининг розилигисиз қон тести олиниб, уларнинг ички органлари рентген ва ультратовуш текширувларидан ўтказилмоқда. Шифокорлар кейинчалик олинган маълумотларни орган донорлари бўйича маълумотлар базасига киритадилар. Энг қизиғи, этник ва диний озчиликка мансуб маҳбуслардан ташқари бошқа маҳбуслар бундай тиббий текширувлардан ўтказилмаяптилар.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўпинча маҳбуслардан буйраклар, кўз соққаси, жигар ёки жигарнинг алоҳида қисмлари, шунингдек, юрак чиқариб олинмоқда. Бундай мураккаб операцияларни амалга ошириш учун тажрибали жарроҳлар, анестезиологлар ва бошқа тиббиёт мутахассисларининг иштирокини керак бўлади.

БМТ экспертлари 2006 ва 2007 йилларда ҳам бу масалани кун тартибига кўтарганлар. Бироқ, Хитой ҳукумати томонидан юборилган жавобларда етарли ва қониқарли маълумотлар бўлмаган. Хусусан, маълумотларда беморларга трансплантация қилинган органлар қаердан олингани ва донор органларнинг етиб келишини ўртача қанча муддат кутиш кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилмаган.