Будапештда баъзи кўчаларга уйғурлар ва Гонконгни қўллаб-қувватлайдиган номлар берилади

Будапешт шаҳар ҳокимияти чоршанба куни Венгрия пойтахтидаги қурилиши режалаштирилган Хитой университети биноси яқинидаги кўчаларни Пекиннинг инсон ҳуқуқларини бузишларини муносабати билан қайта номлашини маълум қилди.

Бир кўчага Пекин хавфли айирмачи деб таърифлаган Тибетнинг сургун қилинган руҳий етакчиси Далай Лама номи берилади, бошқасига эса “Уйғур шаҳидлари” деб ном берилади. Бу Хитой генотсидининг қурбони бўлаётган мусулмон озчиликларга ишора.

Учинчи кўча “Озод Гонконг” деб номланади, тўртинчи кўчага эса қамоққа ташланган хитойлик католик епископи номи берилади.

Номи ўзгартирилган кўчалар Хитойнинг санъат, тиббиёт, бизнесни бошқариш ва муҳандислик йўналишларида 6000 талабага мўлжалланган Фудан университети филиали очилиши режалаштирилган минтақада жойлашган.