“Бухоро”нинг маъноси нима?

Бухоро шаҳар панорамаси

Бухоронинг энг қадимий номини қадимий сўғд тилида Бухор Худот (Бухорок Хвадат) эканлиги ҳақида илмий тахмин бор. Бу сўз маҳаллий сўғд хонадонига тегишли бўлиб, Бухор-Бухоро, Худот эса жаноб, зодагон маъноларини билдиради. Яъни, Бухоро ҳукмдори деган маъно чиқади. XIX асрда тадқиқотчилар томонидан сўғд ҳукмдорларига тегишли “Бухорок Хвадат” ёзувли тангалар топилади. VII асрнинг биринчи ярмида шаҳар номи бу минтақада ишлатилган пулларда pwxr  транскрипцияси шаклида ёзилган эди.  Аммо Бухоро сўзининг келиб чиқиши ҳақида олимлар турлича фикрларга эгадир. “Бахт ато қилувчи ” маъносидаги Буксарак (Бухарак) сўзидан келиб чиққан, деган фикр ҳам бор.

Санскритча вихара сўзидан келиб чиққан ва бунинг маъноси роҳибхона, деган фикрни Тьерри Заркон  олға сурган.

Эронлик машҳур олим Жувайний эса бухор сўзининг маъносини “илм мажлиси” деб ҳисоблаган. Қадимий уйғур тилида ҳам бу сўз ибодатхона ёки мажлис маъноларида ишлатилган.Маҳмуд Қошғарийнинг машҳур Девони Луғоти Турк асарида Бухоро шаҳри Сўғдак ва Бухоро шаклида тилга олинган. Ўрхон-Онасой ёдгорликларида Букарак, Наршахийнинг машҳур “Тарихи Бухоро” асарида эса Нумужкет ва Навмижкет (янги қишлоқ) шаклларида учрайди.