Дарғом каналининг тарихи

Дарғом канали- Зарафшон дарёсидан сув оладиган қадимги канал. Равотхўжа қишлоғи яқинидаги тўғондан бошланиб, Улус чўлигача давом этади. Тарихий манбаларда каналнинг мил. ав. V—IV аcpларда қазилганлиги қайд қилинган. Клавдий Птолемей тузган картада (II-асрлар) Дарғом канали «Даргоманий» дейилган. Қадимда каналнинг бош тўғони бир неча марта хароб бўлган. Новларига қўрғошин ётқизилган бош тўғон 1220 йилда Чингизхон томонидан буздирилган. XVIII асрдаги сув тошқинлари тўғонни бир неча марта ювиб кетган. ХХ асрнинг 20—30-йилларида бош тўғон қайта тикланди, сув тақсимловчи қўшимча тўғонлар қурилди. Дарғом канали Янги Дарғом, Эски Дарғом ва Айланма Дарғом каналларини ўз ичига олади. Қашқадарё вилоятига Дарғом каналидан сув Эски Ангор канали орқали берилади. Самарқанд шаҳрига сув Шовдар ва Боғи шамол тақсимлагичлари орқали олинади. Умумий узунлиги 100 км. Сув ўтказиш имконияти — 125 м3/с. Дарғом каналида Хишров, Ертешар, Таллиғулон 1 ва Таллиғулон 2 гидроэлектр станциялари қурилган. Янги Дарғом Эски Дарғомга (бош қисмидан 11 км наридан) қуйилади ва каналнинг сувини кўпайтиради. Унинг узунлиги 10,5 км, 600 м масофада канал туннель бўйлаб ўтади. Айланма Дарғом канали Қашқадарё вилоятига 45 м3/с сув бериш зарурати туфайли қурилган. Бу канал Бош тўғоннинг сўл ростлагичи орқали Янги Дарғом билан умумий сув олиш ҳавзасига эга ва 20,5 км дан сўнг Эски Дарғомга қуйилади. Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Пастдарғом туманларидаги 67,5 минг га, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Китоб туманларидаги 50 минг га ер суғорилади.