Депутатнинг дипломи сохта чиқди

Қирғизистон парламенти депутати, собиқ вице-спикер Торобай Зулпукаровнинг олий маълумот ҳақидаги дипломининг сохта эканлиги аниқланди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот хизмати хабар қилган.

Зулпукаров ҳозирда “Қумтор” олтин маъдани билан боғлиқ лойиҳа ишида коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб, қўмита қамоқхонасида ушлаб турилмоқда.

“З.Т.нинг 1998-йили Юсуф Болосоғун номидаги Қирғиз миллий университети тарих факультетининг 3-курсидан шартнома пулини тўламаганлиги сабабли ўқишдан четлатилгани аниқланди. Кейинчалик айбланувчи Ўш давлат университетида иккинчи мутахассислик ка эга бўлиш ва сиёсий карьерасининг бошида обрў қозониш учун қалбаки дипломни ишлатиб келган”,-деб изоҳ берди қўмита матбуот хизмати ходими.

Депутатнинг юқорида тилга олинган университет битирувчилари рўйхатида йўқлиги, қалбаки дипломда ишлатилган махсус рақамнинг эса бошқа бир инсонга оид дипломдан олинганлиги ҳам қўшимча қилинди.