Дунё кезган бир кошин

2019-йили ватанимиз учун кичик, аммо қувонарли бир ҳодиса рўй берган эди. Сабаби-Бухоронинг тарихий Вобкент туманида жойлашган Чашмайи Айюб мақбарасидан саккиз йил аввал ўғирланиб, чет элга олиб чиқилган кошин ниҳоят ўз ерига қайтарилади.

Тарихга назар соладиган бўлсак, IX-XII асрларда Мовароуннаҳрда илм-фан, маънавият ниҳоятда ривож топганини кўрамиз. Шу сабабли, бу давр дунё мутафаккирлари, илм аҳли томонидан шарқнинг Уйғониш даври деб юритилади.

XIII асрнинг бошида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни вайронага айлантирган мўғуллар ҳужуми Уйғониш даври тамаддунига қақшатқич зарба берди. Шаҳар ва қўрғонлар, сарой ва ёдгорликлар, сув иншоотлари, кўприклар вайрон этилди, кўплаб халқлар, олиму фузало қирғин қилинди. Алломалар турли ўлкаларга тарқаб кетдилар. Мўғуллар босқини даврида таназзулга учраган ўлкамиз маданиятининг айрим соҳалари кейинчалик қайта жонлана бошлади. Шаҳар харобалари қайта тикланиб, тарихий тарҳи асосида масжид, мадраса, хонақоҳ ва мақбаралар қуришга киришилди.

Қадим Бухорога олиб борувчи карвон йўллари чорраҳасида, ҳозирги Вобкент тумани ҳудудида жойлашган Харгўш ва Хайробод қишлоқлари орасидаги кўҳна қабристон ёнида қурилган, бизгача сақланиб қолган “Чашмаи Айюб” мақбараси ҳам ана шу давр меъморчилигининг ноёб намуналаридан бири ҳисобланади.

Мақбара кечмишига назар ташласак, ушбу ёдгорликнинг “Чашмаи Айюб” деб номланишининг ўзи ҳам бир тарих. Бу ерда замин остидан чиққан шифобахш чашма улуғланиб, машҳур пайғамбар Айюб алайҳиссалом номи билан боғланган. Ривоятларга кўра, Айюб алайҳиссалом Бухорога келган. У муборак зот ҳассасини қаерга урсалар, шу ердан булоқ отилиб чиққан экан. Мазкур чашмага ҳам у кишининг ҳассаси теккан жой сифатида нисбат берилади.

Табиийки, бу бир афсона холос. Аслида эса “Чашмаи Айюб” мақбарасида милодий 1017 йилда вафот этган ҳадисшунос олим Абу Саъд ал-Харжуший дафн этилган. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу мақбара яқинида масжид ва дарвешлар хонақоси ҳам бўлган. Ёдгорлик атрофидаги қабристон кейинчалик халқнинг у кишига юксак эътиқоди туфайли юзага келган.

Мақбара асрлар давомида қанчадан-қанча талон-торож, тўс-тўполонларни бошдан кечирган. Айниқса, мустабид шўролар даврида буткул унутилиб, эътиборсиз қолдирилганлиги боис ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Бир сўз билан айтганда, ўтган 800 йиллик тарихий давр “Чашмаи Айюб”нинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Ёдгорликнинг фақат пештоқ қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.

Мазкур ноёб обида пештоқига битилган қадимий ёзувнинг бир парчаси бундан 8 йил муқаддам бир гуруҳ кимсалар томонидан таъмирлаш ишлари баҳонасида ўғирлаб кетилган.

Ўтган вақт ичида мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ўғирлаб кетилган кошинни топиш ва айбдорларни жазога тортиш юзасидан тегишли тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширди. Натижада жиноятчилар ушланиб, одил судловга тортилди.

Маълум бўлишича, 2011 йилнинг ёз ойларида З.Г. томонидан ёлланган ишчилар ёрдамида ёдгорлик пештоқидаги “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Авваллари сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар”. Бу иморат ҳижрий олти юз бешинчи йили қад ростлаган”, дея араб ёзувида битилган ҳикматли жумланинг “олти юз бешинчи” рақами битилган кошин бўлаги ўғирланиб, ёдгорликка шикаст етказилган. Уни қайта реставрация қилиш баҳонасида, ўғирлик эканини сездирмай, Тошкент шаҳрига олиб келишган ва кошин бўлаги А.А.га берилган.

Шундан сўнг кошинни Туркиялик (кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган) шахсга сотиш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясида борт кузатувчиси бўлиб ишлаган И.А. билан жиноий тил бириктириб, қонун ҳужжатларини бузган ҳолда мамлакат ҳудудидан олиб чиқишган.

“Чашмаи Айюб” ёдгорлигининг ўғирлаб кетилган кошин бўлаги Германия Федератив Республикаси орқали Буюк Британиянинг “Mayfair” галереясида 2017 йилда сотувга қўйилади…

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аралашуви билан кошин бўлаги республикамизга қайтарилган.

Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”, деган ҳикматли нақлбор. Жиноят содир этган кимсалар айни мана шу нақл моҳиятига эътибор қаратишганида эди, қора курсида бўйниларини эгиб ўтиришга мажбур бўлишмасди.