Энди Шарқий Қуддуслик ўқувчи қизча ҳар куни Исроил аскарлари текширувидан ўтиши керак

Бир неча ой давомида дунё ҳамжамияти узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган можаронинг марказига айланган Шарқий Қуддусдаги исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида юз берган тўқнашувларнинг гувоҳи бўлди.

Воқеалар талатўпи нисбатан тинчиб кетган бўлсада, Усмон Ибн Аффон кўчасида истиқомат қилувчи 15 ёшли Тала Абу Диябнинг ҳар куни, ҳудди урушдаги каби нотинчклик билан ўтади. У вояга етган сокин кўча эндиликда қўрқинчли тўсиқ билан иккига бўлинган.

Фаластинлик ушбу ўқувчи қиз кунига икки марта ўз уйига кириш ва чиқиш учун рухсат кутиб, кўчасини 24 соат давомида қўриқлаётган қуролли Исроил полициясига ўз ҳужжатларини тақдим этиши керак.

“Энди бизнинг ҳаётимиз аввалгидек ҳаёт эмас. Мен дўстларимни кўриш учун (кўчадан) ташқарига чиқа олмайман. Улар ҳам мени кўргани (кўчамизга) кира олишмайди. Бу менинг руҳий соғлиғимга қаттиқ таъсир қиляпти. (Мактабга) кетаётсам, улар (полициячилар) мени (ҳужжатларимни текширавериб) безовта қилишади, (уйга) қайтаётсам ҳам мени безовта қиладилар. Бу жуда ҳам қийин”, – деди Тала. Қизчанинг мактаби унинг уйидан 15 дақиқалик масофада жойлашган.

Исроил полициясининг таъкидлашича, тўсиқлар ва чекловлар кўчадаги айрим уйларга кўчиб ўтган фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш учун ўрнатилган.