Финландия Бош вазирининг “нонушта” си жиддий танқидларга сабаб бўлди ёҳуд солиқ тўловчиларнинг пуллари нега асоссиз равишда сарфланган?

Илталеҳти таблоидининг хабарига кўра, Бош вазир Санна Мариннинг оиласи ойига 300 евро миқдоридаги давлат пулларини унинг қароргоҳига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун сарфлайди.

Хабарларга кўра, Мариннинг уй хўжалиги ўзидан олдинги ҳамкасбларига қараганда озиқ-овқат маҳсулотлари учун кўпроқ маблағ сарфлаб юборган. Бундан ташқари, сарфланган ҳаражатлар миқдори оиланинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида жамоатчиликдан яширилган. Энг қизиғи, Бош вазирнинг оиласи учун нима ва қаердан харид қилинганлигини қароргоҳ ишчи-ходимларидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Газета, шунингдек, имтиёзнинг қонуний асослари жуда шубҳали эканлигини даъво қилмоқда. Бош вазирнинг қонуний вакиллари “Вазирлар маоши ва нафақалари тўғрисида” ги Қонуннинг 6-моддасини бюджет пуллари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун асос сифатида кўрсатмоқда. Хусусан, қонуннинг ушбу қисмида шундай дейилган: “Бош вазирга давлат биносида уй-жой берилади ва уни сақлаш, иситиш, ёритиш ва жиҳозлар, шунингдек ходимлар билан боғлиқ керакли харажатлар учун давлат масъулдир”.

Ушбу моддада озиқ-овқат таъминоти ҳақида сўз юритилмаган. Хабарларга кўра Илталеҳти таблоиди идорадан Бош вазир Мариннинг озиқ-овқат таъминоти давлат томонидан (солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан) тўланиши кераклиги тўғрисида расмий ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Лекин, ҳалигача  бундай ҳужжат тақдим этилмаган.