Франция президенти Эммануэл Макрон юзига тарсаки туширишди

Франция жануби-шарқига расмий ташриф билан борган Франция Президенти Эммануэл Макроннинг юзига тарсаки туширишди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан аён бўлишича жаноб Макрон Валанс шаҳри атрофидаги Тейн Л’Эрмитаж шаҳарчасида халқ билан кўришиш учун тўсиқ томон кетаётганини кўриш мумкин.

Ўша онда яшил футболкадаги бир киши Макроннинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Президентга шапалоқ тушуришдан олдин эркак “Француз ҳаракати” ташкилотининг шиори – “Монжуа де сени” дея бақирган. Воқеага тезкорлик билан муносабат билдирган зобитлар президентни дарҳол ажратиб олдилар.

Ҳодиса ортидан икки киши ҳибсга олинган, деб хабар қилмоқда Франция ОАВ. Улар давлат ҳокимияти вакилига нисбатан қасддан зўравонлик қилишда айбланмоқда. Хабар қилинишича, президентнинг юзига тарсаки тортаётган эркак “Макронизм” га қарши бўлган.

Президент Макрон бўлиб ўтган воқеадан қисқа муддат ўтгач яна халқ билан мулоқотни давом эттирди.

Валанс шаҳри прокурори (Дром департаменти маркази)нинг айишига қараганда, ҳозирча ҳибсга олинган эркакнинг шахси ва тарсаки уришдан мақсади аниқ эмас. У ва яна бошқа бир киши жандармлар томонидан сўроқ қилиняпти.