IKEA ирқчиликда айбланмоқда

АҚШнинг Атланта штатида харидорлар IKEA дўконини ирқчиликда айбламоқдалар. Гап шундаки, дўкон маъмурияти Америкада 19-июнь куни нишонланадиган Қулларнинг озодлик кунига бағишлаб махсус таомнома тақдим этган эди.

“Қора танли Америкаликларнинг озодлик йўлидаги қатъиятини ёд олиш” учун тақдим этилган бу таомномага тарвуз ва қовурилган товуқ ҳам киритилган эди. АҚШда кенг тарқалган ишончга кўра, қора танли инсонлар бу икки егуликни жуда яхши кўришади.

Таомномага қарши дўкон ишчилари ҳам, харидорлар ҳам норозилик билдирдилар. Айрим ишчи ва ходимлар байрамдан сўнг ҳатто ишга  чиқмадилар.

Дўкон маъмурияти кейинчалик ўз хатосидан пушаймон эканлигини билдириб, барчадан узр сўради.