Иккитаси бирда: ерда юрувчи ва ҳавода учувчи дрон

АҚШ учувчисиз технологияларнинг ишлаб чиқарилишига катта маблағ ажратмоқда. Мамлакат технологик ютуқларининг энг охиргиларидан бири учишдан ташқари, ерда ҳам ҳаракатлана оладиган дроннинг ишлаб чиқарилиши бўлди.

Дрон Pegasus деб аталади. Ушбу учувчисиз аппарат ҳудди танк каби ерда ҳаракатлана олиши билан бирга, ҳавода ҳам уча олади. Бундай имкониятга эга бўлган дронлар оддий учувчисиз бошқариладиган аппаратлар етиб бора олмайдиган жойларга бориши мумкин.

Robotic Research компанияси президенти Алберто Лаказенинг сўзларига кўра, бу турдаги дронлар робот тизимларининг янги авлодига мос келади. Улар қуруқлик учун ҳам мослаштирилмаган, фақат учиш учун ҳам ишлаб чиқарилмаган. Балки улар шу икки тоифанинг ўртасидадир. Айтганча, Robotic Research тадқиқотлар маркази Pegasus дронларини ишлаб чиқаради.

Дронлар уч хил модификацияда таклиф этилмоқда. Уларнинг барчаси 30 дақиқагача ҳавода уча олади ва бир неча соат давомида ерда ҳаракатланиш қувватига эга.