Илм-фан тарихнинг энг буюк сирларидан бирининг сабабларини топа олдими ёҳуд Дятлов воқеаси

Россиянинг Урал тоғларида жойлашган Дятлов довони томон йўлга чиққан экспедиция аъзоларининг “ғалати” тарздаги ўлимлари сон-саноқсиз фитна назарияларинининг илгари сурилишига сабаб бўлган.

Communications Earth and Environment журналида чоп этилган мақолада тўққиз нафар тажрибали сайёҳнинг даҳшатли ўлимига кичик ва содир бўлиши ҳисобга олинмаган қор кўчкиси сабаб бўлиши мумкинлигига ишора қилувчи маълумотлар келтирилган. Экспедиция аъзолари 1959 йилда Россиянинг Урал тоғ тизмаларида 200 миль масофани босиб ўтишни режалаштирган эдилар.

Дятлов довони воқеаси сифатида танилган ушбу экспедиция доирасида, Екатеринбургдаги Урал политехника институтининг ўн нафар ходимлари – тўққиз талаба ва иккинчи жаҳон урушида қатнашган бир нафар спорт ўқитувчиси 1959 йил 23 январда совуқ саҳрога йўл олдилар.

Бел оғриғи туфайли бир талаба саёҳат бошланмасдан ортга қайтди, аммо қолган аъзолар 23 ёшли муҳандислик йўналиши талабаси Игор Дятлов бошчилигида йўлга чиқишди. Кейинчалик терговчилар томонидан воқеа жойидан топилган фотоаппарат ва шахсий кундаликлардаги ёзувларга асосланиб хулоса қилинишига кўра, жамоа 1 февраль куни “Хлат Сайхл” нинг қорли ён бағирларида катта чодир тикиб, лагерь қурганлар. Тоғнинг номи минтақанинг маҳаллий манси аҳолиси тилида “Ўлик тоғ” деб таржима қилинади.

Шундан кейин экспедиция аъзолари бўлган тўққиз киши – етти нафар эркак ва икки нафар аёлдан ҳеч қандай хабар бўлмади. Хавотирга тушган қидирув гуруҳи воқеа жойига бир неча ҳафта ўтгач етиб келганида, экспедиция чодири қор устида аранг кўриниб турарди. Энг тушунарсиз дея талқин этилган ҳолат чодирнинг ичкаридан кесиб очилганлигидир. Жамоа аъзоларининг таналари тоғ ёнбағрида сочилиб ётар, баъзилари бутунлай кийимсиз, баъзиларининг бош суяклари мажақланган ва кўкрак қафаслари синдириб очиб ташланган, бошқаларининг эса эса кўзлари ўйиб олинган, бир неча нафарининг эса тиллари суғуриб ташланган эди.

Оммавий ахборот воситаларининг қизиқиши ва кенг тарқалган конспирологик фаразлардан сўнг, Россия ҳукумати яқинда Дятлов довони воқеаси атрофидаги ишни қайта кўриб чиқди ва тўққиз нафар инсоннинг ўлими учун биринчи навбатда қор кўчкиси айбдор деган хулосага келди.

Нима бўлганда ҳам, одамлар одатда ўлим тўғрисида ақлга сиғмас назарияларни илгари суришни яхши кўришади. Расмий баёнот берилганига қарамай, аслида воқеа қандай содир бўлгани олимларга ҳалигача қоронғулигича қолмоқда.