Intel процессорлар бозоридаги улушини йўқотиши мумкин

Келгуси йилда Intel корпорациясининг процессорлар бозоридаги улуши энг паст даражага тушиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу асосан Apple компаниясининг Mac компьютерларида Intel процессорларини ишлатишдан воз кечиши ва уларнинг ўрнига Apple Silicon процессорларидан фойдаланиши эвазига содир бўлади.

Apple ўтган йили барча Mac компьютерларини ўзининг процессорларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича икки йиллик режасини эълон қилди. Корхона ушбу режани амалга оширишни тўлиқ равишда келгуси йилда якунлаши кутилмоқда. Шу пайтгача Apple Silicon М1 процессори фақат тўртта Mac ларда ишлатилди.

М1 ва яқинда ишлаб чиқариладиган тўртта Mac нинг натижаси ўлароқ, Intel бу йил Apple буюртмаларининг 50 фоизини йўқотади ва 2023 йилга келиб Cupertino технологик гиганти Intel га буюртмалар бермай қўяди. Натижада, бу жараён Intel бозор улушининг 80 фоиздан пастга тушиб кетишига олиб келади.

Intel, Apple процессорининг ўз бизнесига салбий таъсирини жуда яхши англайди. Шунинг учун у Mac ларга қарши бир нечта маркетинг кампанияларини ўтказди ва Intel процессорларида ишлайдиган ноутбуклар Apple Silicon да ишлайдиган Mac ларга қараганда устунроқ деган фикрни илгари сурмоқда.