Исроилда ҳукумат алмашди

Исроилнинг янги, 36 ҳукумати якшанба куни Кнессетда қасамёд қабул қилди ва Нафтали Беннеттни бош вазир этиб тайинлади.  Бенямин Нетаняҳунинг 12 йил давом этган бош вазирлик даври ниҳоясига етди.

60 нафар депутатдан 59 нафари ҳукуматни алмаштириш учун овоз берди. Бош вазир вазифасини ўнг қанот Ямина партиясининг раиси Нафтали Беннетт эгаллади  

Ҳукумат алмашганидан сўнг Нетаняҳу ҳукумати аъзолари Кнессет пленумида дарҳол парламентдаги ўринларини бўшатишди, Нетаняҳу ҳам бош вазир курсисини тарк этди.

49 ёшли Беннетт Исроилнинг иккинчи энг ёш бош вазири лавозимини эгаллади. Ундан олдин, 1996 йилда бу лавозимга 46 ёшида Нетаняҳу ўтирган эди.

Европа Иттифоқи Кенгаши раҳбари Чарлз Мишель Исроилнинг янги бош вазири Нафтали Беннетни Твиттердаги саҳифасида табриклади ва уни “умумий фаровонлик ва барқарор минтақавий тинчлик йўлида ўзаро шерикликни мустаҳкамлашга” чақирди.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен янги ҳукуматнинг ташқи ишлар вазири Яир Лапид билан мулоқот ўтказди. У Лапидни Беннет бошчилигидаги ғалаба билан табриклади ва икки томон АҚШ ва Исроил ўртасидаги махсус муносабатларни муҳокама қилдилар. Яир Лапид Блинкенга Қўшма Штатларнинг Исроилни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Суҳбат сўнггида Блинкен Лапидни Вашингтонга таклиф қилди.

Шимолий Америка яҳудийлар ҳаракати ҳам Нафтали Беннет ва Яир Лапид бошчилигидаги янги Исроил ҳукуматини ғалаба билан муборакбод этди.