Жорж Флойд қотилига ҳукм ўқилди

Собиқ полиция ходими Дерек Шовин афро-америкалик Жорж Флойдни ўлдиргани учун 22,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Флойд оиласининг адвокати суд қарорини тарихий қадам деб атади.

“Ҳукм ҳис-туйғуларга ёки (марҳум оиласига) хайрихоҳликка асосланган эмас”, – деди судья Питер Кеҳил. Шунингдек, у қарор жамоатчилик фикрига эмас, балки қонун талабларига ва ишнинг ўзига хос фактларига асосланганлигини айтиб ўтди. Прокуратура илгари Шовин учун 30 йил қамоқ жазосини талаб қилган эди.

Иккинчи даражали қотиллик ҳукми эълон қилинишидан олдин, айбланувчи Дерек Шовин судда қисқа муддатли баёнот бериб “Флойд оиласига таъзия изҳор қилмоқчилигини” айтди.