“Канада” номининг келиб чиқиши

Бугунги кунда Канадани бошқа ном билан аталишини тасаввур қилишнинг имкони йўқдек. “Канада” номи Гурон-Ирокез қабиласининг “каната” сўзидан келиб чиққан бўлиб, у “қишлоқ” деган маънони англатади. 1535 йилда икки нафар туб маҳаллий ёшлар француз сайёҳи Жак Картьега “каната” томон йўлни кўрсатиб юборишганди. Улар аслида ҳозирги Квебек шаҳри жойлашган Стадакона қишлоғини назарда тутишган. Бошқа ном йўқлиги сабабли, Картье нафақат қишлоқни, балки бутун ҳудудни тасвирлаш учун “Канада” сўзидан фойдаланган.

Тез орада бу ном анча катта майдонга нисбатан татбиқ этила бошланди. 1547 йилда чизилган хариталарда Сент Лоуренс дарёсининг шимолидаги барча ҳудудларни Канада деб белгиланган. Картье, шунингдек, Сент Лоуренс дарёсини “Канада дарёси” деб атаган. 1616 йилга келиб, бутун минтақа Янги Франция деб номланган бўлсада, Канаданинг катта дарёси ва Сент Лоуренс кўрфази бўйлаб жойлашган ҳудуд ҳали ҳам Канада деб номланарди.

Тез орада кашфиётчилар ва мўйна савдогарлари ғарбга ва жанубга томон янги ерларни очдилар ва Канада номи билан машҳур бўлган ҳудуд майдони янада кенгайди. 1700 йилларнинг бошларида Канада номи ҳозирги Американинг Ўрта Ғарбий қисми ва Луизиана штатигача бўлган барча француз ерларини назарда тутган.

Расмий ном сифатида Канададан биринчи марта 1791 йилда фойдаланилган. Ўша пайтларда Квебек вилояти юқори Канада ва Қуйи Канада колонияларига бўлинган. 1841 йилга келиб эса ушбу икки колония битта Канада провинцияси номи остида бирлаштирилган.