Кўҳинурнинг қонли тарихи

Бир вақтлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари тожини безаган бебаҳо Кўҳинур олмоси қандай қилиб Британия монархининг қўлига тушган деб ўйлайсиз?

Кўҳинур олмоси дунёдаги энг таниқли олмослардан бири бўлиб, форсчада “Нур тоғи” деган маънони англатади. Тарихда кўплаб шов-шув ва ҳатто қонли жангларга сабаб бўлган оқ рангли, 109 каратли олмос XXI аср бошларигача Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг платинадан ишланган тожини безаб турган. Олмос нархини тахминан 400 миллион еврога тенг деб баҳолашган, лекин у сотилмайдиган жавоҳир бўлганлиги учун аниқ баҳосини ҳеч ким билмайди. Қўҳинур олмоси Ҳиндистон ва Британия ўртасида узоқ йиллар мобайнида баҳсларга сабаб бўлиб келган, чунки ҳиндлар олмос мустамлакачилик даврида инглизлар томонидан Ҳиндистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилганлигини даъво қилишган. Охир оқибат, Британиянинг босими остида Ҳиндистон олмосни Британиянинг мулки деб тан олишга, ҳинд амалдорлари томонидан товон сифатида инглизларга ихтиёрий равишда берилганлигини таъкидлашга мажбур бўлган. Ажабланарлиси шундаки, Ҳиндистондан ташқари Покистон, Афғонистон, Эрон ва Бангладеш ҳам ўзларини ушбу олмосга эгалик ҳуқуқи мавжудлигини даъво қилишган.

XIV асрга оид ушбу қимматбаҳо тош асрлар мобайнида қўлдан қўлга ўтиб келган, унга эгалик қилган ҳукмдорларнинг аксарияти аянчли ўлим топган, таҳдидларга учраган. Баъзи маълумотларга кўра, олмос ХIV асрда Жанубий Ҳиндистондан топилган, ўшанда унинг вазни 800 каратга тенг бўлган. Кейинчалик ҳинд брахманлари уни учта тенг қисмга ажратган. Шу бўлаклардан бири Кўҳинур деб номланган. Очарчилик, эпидемиялар ва талончилик оқибатида ҳиндлар олмослардан бирини Форс шоҳига сотишга мажбур бўлишган ва уларнинг мусибатлари тўхтаган. Бошқа бир ҳинд афсонасига кўра, тош бундан 5 минг йил олдин пайдо бўлган ва унинг илк эгаси Қуёш худосининг ўғли бўлган. Битикларда “Ушбу олмосга эгалик қилувчи киши бутун дунёга эгалик қилади, лекин у дунёнинг қайғусини ҳам билади. Олмосни фақат Худо ёки аёл кишигина жазосиз олиб юриши мумкин” дейилган.

1526 йилда Бобур Ҳиндистонга юриш қилиб, Иброҳим Лўдий ва Рожа Викрамажит (Кўҳинурнинг ўша вақтдаги эгаси) устидан ғалаба қозонган. Бобур ўз эсдаликларида ўлпон тарзида олиб келинган машҳур олмосни эслаб ўтган: “Бу олмос шу қадар қимматбаҳоки, битта одам уни бутун дунё аҳолисининг икки ярим кунлик харажатига тенглаштирган. Вазни 8 мисқолни ташкил этади”. Шундай қилиб, Кўҳинур тоши 200 йил давомида отадан болага мерос бўлиб ўтиб, Бобурийлар империясининг мулкига айланган. Бобурнинг чевараси Шоҳжаҳон олмосни кесиб атиргул шаклида қайта ишлаттирган ва тахтига ўрнатган, ўшанда у 186 каратгача вазнини йўқотган. Унинг ўғли Аврангзеб Оламгир тошни ва тахтни қўлга киритиш илинжида тўнтариш уюштириб, яқинларини ўлдирган, отасини 7 йилга озодликдан маҳрум қилган ва бироз вақт ўтгач исёнчи ҳокимлар билан бўлган жангда ўзи ҳам ўлдирилган. 1739 йил Деҳлига бостириб кирган Эрон шоҳи Нодиршоҳ ҳам бошқа бойликлар қатори айнан ўша тошга эгалик қилишни истаган, у пайтда тош ҳукмдор Муҳаммадшоҳ ўраган саллага қистирилган эди.

Афсуски, абадий қудрат рамзи деб саналган тош Эрон шоҳига ҳам буюрмаган — 1747 йил июнда Нодиршоҳ ҳам ўлдирилган. Унинг аъёнлари Аҳмадхон Дурроний бошчилигида Афғонистонга қочиб кетганида Кўҳинурни ҳам олиб кетишган.

1809 йилгача тош Афғонистон амири Шужонинг қўлида бўлган, у Ост-Индия компанияси вакиллари олдида тошни кўз-кўз қилишни яхши кўрган. Ўша йили тош қўзғолончи Ранжит Сингхга ўтган, аммо сикхлар ўртасида ғалаён бошлангандан сўнг, барча қимматбаҳо тошлар, шу жумладан Кўҳинур ҳам инглизларнинг мулки деб эълон қилинган. Ва ниҳоят 1848 йилда Кўҳинур ўзинининг сўнгги ошёни — Буюк Британияга келтирилган. Қиролича Виктория (1837-1901) машҳур олмосни 1850 йилда кўрган ва у таққан одамнинг ўлимига сабаб бўлиши ҳақидаги хурофотларга ишонмай ҳаётининг охиригача тожига тақиб юрган.