Кўриниш алдаши мумкин

Рангпар либосдаги бир аёл ҳамда уйда йигирилган костюм кийган эркак поезддан Бостонда тушиб қолишди ва Гарвард Университети ректори қабулига учрашув вақтини белгиламай, журъатсизгина кириб келдилар.

Котиба бундай қолоқ, қишлоқи кишиларнинг Гарварда ҳеч қандай ишлари бўлиши мумкин эмас, улар ҳаттоки Кембрижга ҳам қадам ранжида қилишга ҳақли эмаслар – дейишгача борди.

“Биз ректор билан кўришмоқчимиз” – деди бояги эркак мулойимлик билан.

“У кун бўйи банд бўлади,” – деди котиба аччиқланиб.

“Биз кутамиз,”- жавоб қилди аёл.

Котиба уларни тўрт соатча ёлғиз қолдирди. У эр-хотиннинг тоқати тоқ бўлиб қайтиб кетишларини истарди. Йўқ, улар кетишмади. Котибанинг эса жаҳли чиқди. У гарчи буни аҳмоқона иш деб билсада, ректорни безовта қилишга қарор қилди.

“Эҳтимол, сиз бир неча дақиқа улар билан кўришсангиз, улар қайтиб кетишар,” – деди у ректорга.

Ректор чуқур хўрсинди ва рози бўлганлигининг аломати сифатида бошини қимирлатиб қўйди. Муҳим шахс бўлганлиги сабабли албатта унда улар билан валақлашиш учун вақт топилмас эди. У қабулхонасининг кўркини бузаётган рангпар либос ва йигирилган костюмдан ижирғанарди.

Ректор кескин юзланди ва савлат билан эр-хотин томон қадам ташлаб, уларнинг ёнига келди

Аёл деди: “Бизнинг Гарвардда биринчи курсда ўқийдиган бир ўғлимиз бор эди. У Гарвардни севарди. Бу ерда бахтиёр эди. Лекин, бир йил олдин, уни ўлдириб кетишди. Мен ва эрим унинг хотирасига кампуснинг (олийгоҳ ўқув бинолари мажмуаси) бирор ерида ёдгорлик барпо этмоқчимиз”.

Ректор ҳиссиётга берилмади, у лол қолганди.

«Хоним ,»деди у  қўрс оҳангда, “Биз Гарвардда ўқиб, вафот этган ҳар бир киши учун ҳайкал қўя олмаймиз. Агар шундай қилганимизда, бу ер қабристонга ўхшаб қолган бўлар эди”.

“Оҳ, йўқ,” – аёл тезда тушунтирди. – ““Биз ҳайкал қўймоқчи эмасмиз. Биз Гарвард учун янги бино қуриб бермоқчи эдик”.

Ректорнинг энсаси қота бошлади. У яна ўша рангпар аёллар либоси ва ўша уй костюмига назар солди ва хитоб қилди: “Бино?! Биласизми ўзи бино қуриш учун қанча керак? Гарварддаги биноларимиз ети ярим миллион доллардан ортиқроқ туради!”

Аёл бир муддат сукут сақлади. Ректорнинг юзида мамнуният аломатлари балқиди. Эҳтимол, энди улардан қутулар!

Шунда аёл эрига юзланди ва секингина деди: “Университет қуриш учун бор йўғи шунча пул кифоями? Унда нега ўз университетимизни қура қолмаймиз?”

Эри бошини силкитди.

Ректорнинг афти ҳайрат  ҳамда хижолатдан суллайиб қолди. Жаноб ҳамда Хоним  Лиланд Стенфорд ўринларидан туришди ва чиқиб кетишди. Улар Пало Альтога, Калифорнияга сафар уюштирдилар ва ўша ерда Гарвард қадрига етмаган ўғилларига ёдгорлик ўлароқ янги университет – Стенфорд Университетига асос солдилар.