НАТО Россияга нисбатан муносабатини кескин ўзгартирмоқчи

АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Сулливан НАТО ўзининг стратегик концепциясини қайта ёзиши кераклигини, унда Россия “конструктив ҳамкор”лик мақомидан чиқарилишини, чунки бу ҳозирги ҳақиқатларга мос келмаслигини таъкидламоқда.

“Сўнгги стратегик концепция 2010 йилда ёзилган. Унда Россия “конструктив ҳамкор” деб белгиланган ва Хитой ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Эндиликда эса НАТОнинг стратегик концепциясини янгилаш вақти келди”, – деди Сулливан брифингда.

Март ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россияни “тажовузкор хатти-ҳаракатлар” билан айблади ва иттифоқнинг мудофаасини мустаҳкамлаш учун молиялаштириш миқдорини оширишни талаб қилди. Бунга жавобан Россия ташқи ишлар вазирлиги бу ёндошувнинг таъсири ташқи сиёсат ва ҳарбий режалаштиришда акс этишини таъкидлади.

Кремлда қайд этилганидек, Россия ҳеч кимга таҳдид солмоқчи эмас, аммо унинг манфаатлари учун хавф туғдирадиган ҳаракатларни эътиборсиз қолдирмайди. Россия президенти Владимир Путин ҳам олдинроқ Москва ҳеч кимга ҳужум қилмаслигини айтганди.