НИКОҲДАН ЎТИШНИНГ НАРХИ ҚАНЧА? ёхуд экстерриториал тамойили нима?

Таҳририятимизга фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келади. Уларнинг орасида фуқаролик ҳолати далолатномалари билан боғлиқ мавзулар анчани ташкил қилади, десак муболаға эмас. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси масъул ходими Нодира Мирмуҳаммедова билан суҳбатимиз ана шу мурожаатлар ва уларда кўтарилган масалалар бўйича бўлди.

— Суҳбатимизни соҳадаги янгиликлар билан бошласак. Маълумотларга қараганда, эндиликда ФҲДЁ бўлимлари экстерриториал тамойили асосида фаолият юритади, шундайми?  

— Маълумки, Президентимиз жорий йилнинг 23 мартида “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармон билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимида бир қатор янгиликлар амалиётга жорий қилинмоқда. Биргина ФҲДЁ соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, энди хизматларимиз экстерриториал тартибда кўрсатилади. Яъни, 2021 йил 1 июндан бошлаб, фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича исталган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Бу фуқароларимиз учун энг катта қулайлик.

— Далолатнома ёзувларини рақамлаштириш жараёни бошланганига анча бўлди. Бу жараён қандай давом этаяпти?

— Далолатнома ёзувларини рақамлаштириш жараёнлари ниҳоясига етказилиб, “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилди. Бу борада вилоятимизда 6,5 миллиондан ортиқ ҳужжатлар рақамлаштирилишига эришилди. Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган даврида 5 661 267 та далолатнома ёзувларига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) бириктирилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 5 ойи давомида туғилганлиги қайд этилмаган 746 та болага гувоҳнома берилиб, 57 та шаърий никоҳда бўлган шахсларнинг никоҳлари қайд этилиб берилди.

Маълумки, ФҲДЁ соҳасида аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида туғилиш билан боғлиқ давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби соддалаштирилди. Композит (бирлаштирилган) хизмат тури бир вақтнинг ўзида 5 та хизматдан фойдаланиш имконини беради. Яъни, туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Ушбу хизмат туридан бугунги кунга қадар 60 мингдан ортиқ самарқандликлар фойдаланишга улгурди.

— Айтайлик, бир аёл биринчи турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳи бекор қилинмай туриб, шаърий никоҳ асосида иккинчи бор турмушга чиққан ва фарзанд кўрган. Болага гувоҳнома расмийлаштиришда қонуний ажрашмагани боис, собиқ турмуш ўртоғининг боланинг биологик отаси эмаслиги ҳақидаги ёзма розилиги талаб қилинган. Шу талаб тўғрими?

— Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 51-бандида оталикни белгилаш тўғрисидаги аризага никоҳда турган эрнинг у билан қонуний никоҳда бўлган онадан туғилган болага нисбатан оталикни белгилашга ёки боланинг туғилишини ёлғиз она аризаси асосида қайд этилишига нотариал тасдиқланган розилиги илова қилиниши ёки у ФҲДЁ бўлимига келиб бунга ёзма равишда ўз розилигини билдириши ҳамда бундай розилик ФҲДЁ бўлими раҳбари томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Бу ҳолатда фуқаро ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши керак. Шундан сўнг бўлим ходимлари томонидан қонуний никоҳда бўлган турмуш ўртоғи жалб қилиниб, масалани ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилади. Агар қонуний никоҳдаги шахс  розилик бермаса, унинг номига, яъни қонуний никоҳда бўлган турмуш ўртоғи номига боланинг туғилганлигини расмийлаштириш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари”нинг 16, 21-бандларига асосан боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, барча ҳолларда боланинг насл-насаби хусусидаги низолар суд тартибида ҳал қилиниши белгиланган.

— Бизга юборилган бир мурожаатда шундай дейилади: “Онам болалигимда вафот этган ва шу билан туғилганлигим расмийлаштирилмаган. Ҳозир ёшим 30 дан ошди. Бугунги кунда фуқаролик паспорти ҳам ололмадим”. Айтингчи, бу ёшдаги фуқароларнинг туғилганлиги қандай тартибда расмийлаштирилади?  

— Ушбу фуқаро исталган ФҲДЁ бўлимига туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш масаласида мурожаат қилиши лозим. Бунда албатта туғруқхона томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онансининг паспортлари нусхалари, агар ота-она вафот этган бўлса, уларнинг ўлими ҳақидаги маълумотномалар, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги (ота-онасининг ва ўзининг) маълумотнома, ота-оналарининг ҳужжатлари бўлмаганда, ака-укалари, опа-сингилларининг (улар бўлса) туғилганлик тўғрисидаги маълумотномалари ва бошқа асословчи ҳужжатлар тақдим этиши керак. Буларга мактабда ўқиганлиги тўғрисидаги маълумот ёки аттестат, касб-ҳунар коллежида ўқиганлиги тўғрисидаги маълумотномалар кириши мумкин. Шунга кўра, ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви тикланиб, гувоҳнома берилади. Агарда туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома тақдим этиш имкони бўлмаса суд тартибида шу онадан туғилганлик факти белгиланиб, туғилганлик қайд этилади.

— Сизга жиддий савол билан юзланмоқчиман. Маҳкум билан қонуний никоҳдан ўтиш мумкинми?

— Мумкин албатта. Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс ФҲДЁ органига ариза билан мурожаат қилади. ФҲДЁ органи аризани кўриб чиқиб, унга аризани қайтаради. Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади. Зарур чора-тадбирлар бажарилгач, маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади ва маҳкум билан никоҳга кирувчи шахсга ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

— Бир неча ҳафта илгари қизиқ воқеага гувоҳ бўлдим. Никоҳ гувоҳномасини олишга келган бир жуфтлик “Гувоҳномани тантанали топширишларингиз керак…”, дея норози оҳангда талаб қўйди. Мудира бу хизмат пуллик эканлигини таъкидлади. Шу борада батафсил гапириб ўтсангиз?

— Бу масалада жуда кўп тушунмовчиликлар бўлиб туради. Айтишим керакки, никоҳдан ўтиш куни никоҳдан ўтаётган шахслар томонидан давлат божи ва гербли йиғим тўланади. Агарда никоҳ маросими тантанасиз ўтадиган бўлса, жами 85.750 сўм (давлат божи 49.000 сўм, герб йиғими 36.750 сўм), никоҳ маросими ФҲДЁ бўлимида тантанали ўтказилса, юқорида айтилган 85.750 сўмга яна қўшимча пуллик хизмат 122.500 сўм қўшилади. Шунда тантанали никоҳни қайд этиш умумий суммаси 208.250 сўмни ташкил қилади. Агарда никоҳ жойига чиқиб қайд қилинса, юқорида айтилган 85.750 сўмга қўшимча 367.000 сўм пуллик хизмат тўлови қўшилиб, жами 453 750 сўм тўланади. Барча тўловлар инвойс орқали амалга оширилади. Фуқаронинг шахсий телефонига тўлов амалга оширилганлиги ҳақида смс хабар келади. Унда тасдиқлаш коди бўлади. Код  бириктирилгандан сўнг никоҳ гувоҳномаси берилади.

— Биламизки, турли сабаблар билан туғилганлиги қайд этилмаган оила фарзандлари ёки қонуний никоҳдан ўтмай яшаб келаётган оилалар бор. Аниқ айта оласизми, ўтган давр мобайнида уларнинг нечтаси аниқланган ва ҳужжатлари қонуний расмийлаштирилган?  

— Жорий йилнинг 5 ойи давомида туғилганлиги қайд этилмаган 746 та болага гувоҳнома берилди, 57 та шаърий никоҳда бўлган шахслар аниқланиб, уларнинг никоҳлари қонуний қайд этилди. Умумий ҳисобда ўтган давр мобайнида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 37468 та туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилиб, 7020 та ҳолатда ўлим далолалатнома ёзувлари қайд этилган. Шунингдек, 10529 та никоҳ ҳамда 1689 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган.

— Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Мансур ҲАСАНОВ суҳбатлашди.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати раҳбари