Pfizer ва Moderna вакциналарининг салбий таъсирлари аниқланди

Ушбу вакциналар билан эмланганларнинг баъзилари миокардит ва перикардит касалликларига чалинмоқдалар. Кўпинча бу муаммолар эркакларда учраяпти.

АҚШ федерал регулятори Pfizer/BioNTech ва Moderna томонидан ишлаб чиқарилган КОВИД-19 вакциналарининг тавсифларига қўшимча огоҳлантириш қўшди. Унга кўра камдан-кам ҳолларда эмлашдан кейин юрак мушаги яллиғланиши хавфи ортади.

Озиқ – овқат ва фармацевтика идораси (FDA) маълумотларига кўра, ушбу вакциналар билан эмлашдан, айниқса, иккинчи дозадан кейин миокардит ва перикардитга чалиниш хавфи ортади. Ушбу салбий таъсирлар эркакларда тез-тез учрамоқда. Аломатлар эмлашдан бир неча кун ўтгач пайдо бўлади.

11 Июнь ҳолатига кўра, Америка Қўшма Штатларида миокардит ва перикардит ташҳиси қўйилган беморлар сони 1,2 минг нафардан ошиб кетди. Бу вақтга келиб, мамлакатда тахминан 300 миллион дона вакцина дозалари ишлатиб бўлинган эди.

Умуман олганда, юрак мушагининг яллиғланиши шикояти билан 30 ёшдан кичик бўлган 309 киши касалхонага ётқизилган, улардан 295 нафари шифохоналардан соғ-саломат чиқариб юборилган.

Pfizer ва Moderna вазият ҳақида ҳали изоҳ бермади.