Покистонда болалар орасида давоси йўқ касаллик тарқалмоқда

Покистонда болалар орасида ОИТС касаллиги кенг тарқалмоқда. 2019 йилда бир шифокор мамлакат жанубидаги Синд вилоятида игналарни қайта ишлатишга оид можарони фош қилганидан сўнг, юзлаб одамларда ОИВ ижобий натижа бера бошлади.

Беморларнинг сони тезликда ортиб кетди ва вилоят соғлиқни сақлаш бўлимининг маълумотларига кўра, орадан икки йил ўтгач, бу кўрсаткич 1500 нафардан ошди.

Покистоннинг энг йирик ОИВ тестини ўтказиш ва даволаш маркази Рота Деро қишлоғида ташкил этилган.

Аммо кўплаб оилалар касаллик оқибатида келиб чиқадиган қўшимча харажатларни ўзлари қоплашларига тўғри келади.

Покистоннинг асосан, шаҳарларда жойлашган давлат шифохоналари кўпинча бетартиб ва уларга мурожаат қилиш самарасиздир. Натижада қишлоқ аҳолиси кўп ҳолларда лицензиясиз шифокорлар билан тўлиб-тошган хусусий клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлишади.

“ОИВ ташхиси аниқланганидан бери вилоятда камида 50 нафар бола вафот этди”, – деди Карачи шаҳридаги Ага Ҳан университети педиатр мутахассиси Фотима Мир хоним.

Расмийлар касалликни юқтиришда Рато Деро шаҳридаги машҳур болалар мутахассиси Музаффар Гангрони айблашди. Музаффар Гангро устидан белгиланган суд мажлислари гаров пули эвазига бир неча бор орқага сурилиб, кўп оилаларнинг ғазабига сабаб бўлди.

У ўзига қўйилган айбловни рад этмоқда ва бошқа шифокорлар унинг муваффақиятини синдириш учун ушбу миш-мишларни тарқатганини айтмоқда.

Синд вилоятидаги “ифлос игна” можаросини биринчи бўлиб фош қилган шифокорнинг таъкидлашича, 2019 йилдан бери вазият деярли ўзгармаган.

Покистон юқумли касалликлар жамияти президенти ва шифокори Рафиқ Ҳанани гигиеник қоидалар самарасиз ёки уларга амал қилиш мунтазам равишда эътиборсиз қолдирилганини таъкидламоқда.