Қорабоғтепанинг сирлари

Сурхондарё илк ибтидоий одамзод макон топган замин сифатида таърифланади. Бойсунтоғ тизмалари бағрида ўрта палеолит даврига мансуб манзилларнинг қолдиқлари топилгани ҳам фикримиз тасдиғидир. Мутахассисларининг таъкидлашларича, бу топилмалар бундан тахминан бир миллион йил аввалга тўғри келар экан. Бойсуннинг шимоли-ғарбидаги Тешиктош ғоридан қазиб олинган боланинг бош суяклари дунёда “Неандерталь одам” номи билан машҳурдир.
Бундан ташқари воҳада шундай бебаҳо манзиллар учрайдики, улар дунё олимларини ҳам қизиқтириб келмоқда Айритомда ўрта тош даврига оид осори-атиқалар, Мачай ғорида хилма-хил тош қуроллар мавжуд. Виқорли Боботоғ бобокалонларимиз темирчилик билан шуғулланганидан сўйласа, бугунги Шеробод, Шўрчи ва Бандихонда III минг йиллик охири ва II минг йилликнинг бошларида ҳаёт қайнагани аниқланган. Бир сўз билан айтганда эса маконда азал-азалдан чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик, кулолчилик илму-урфон, маданият, санъат кенг тараққий этган.
Ана шундай тарихий манзилгоҳлардан бири Денов туманининг чекка қишлоқларидан бирида жойлашган Холчаён манзилгоҳидир. Воҳа тарихининг қадимий даврларини ўзида акс эттирган Холчаён манзилгоҳи 1960  йилда археологлар томонидан аниқланиб, бой тарихий манбаларни ўзбек давлатчилиги асослари нуқтайи назаридан тақдим этди.
Деновлик кексаларнинг айтишича “Холчаён” сўзи “чаён” ёки “чаёндек заҳар тили холани” англатармиш. Лекин бу иборанинг келиб чиқиши ноаниқ бўлиб, қандайдир шу сўзга таллафузи яқинроқ сўзнинг бузилиб айтилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Холчаёнтепа манзилгоҳи ўз ичига Қорабоғ, Маслаҳат, Тўғаноқ, Сичқон, Шайит, Қўйқирқилган, Ҳонақоҳ тепаликларини ўз ичига олади. Холчаёнтепадаги асосий манзилгоҳлардан бири Қорабоғтепадир. Санъатшунослик илмий тадқиқот институти ва Япониянинг Сока Университети олимлари ҳамкорлигида бир неча йиллардан буён Қорабоғтепада илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Қорабоғтепани1960 йилда Холчаённинг Хонақоҳтепа манзилгоҳида иш олиб борганимизда озроқ ўргангандик––дейди ўзбек-япон илмий тадқиқот экспедицияси раҳбари, археолог олим Баҳодир Турғунов––Шаҳар дарвозаси, деворларини қазимагандик. Мана яқиндан бошлаб ишни давом эттириб жуда катта архитектура мажмуасига дуч келдик, бунинг қизиқ томони шундаки девор пахсадан тикланган экан. Пахса бўлганда ҳам жуда мустаҳкам ҳар томони бир метрдан келади.Биз икки жойда тўрт метргача тушиб келдик. Умумий чуқурлиги етти ярим метргача боради. Пол қисми ҳам шу қадар устакорлик билан ишланганки оҳакка ёки цементга ўхшаш қотирувчи модда қўшиб ишланган.
Қорабоғтепа қадимий манзилгоҳининг муҳим аҳамиятга эга бўлган, архитектура қурилиши учун нодир ҳисобланган, уй-жой қурилиши учун тошдан йўниб ишланган, ҳар бири камида 400-500 килограмм келадиган устун тагида ўрнатилган учта таг- курсиларнинг топилиши алоҳида аҳамиятга эгадир. Шунинг билан бирга хом ғиштдан тикланган девор қолдиқлари ҳам топилган.
Илмий тадқиқотлар даврида топилган улкан тошлар 2400 йил аввал тайёрланган бўлиб, чамаси 60-70 километр олисдаги Бойсун тоғидан олиб келинганлиги тахмин этилади. Тадқиқот даврида топилган ушбу девор қолдиқлари уй эгасининг бадавлат шаҳарликлардан бири эканлигини тахмин қилишга асос бўлади. Энг муҳими, бу каби архитектура ёдгорликлари Рим ва Греция архитектурасига мансуб бўлиб, бундай ёдгорликлар дунёнинг кўп мамлакатларида, жумладан Ўрта Осиёдаги қадимий ҳашаматли биноларда кўп учрайди.
Тарихий манбаларга кўра Холчаён тепаликлари ва Қорабоғтепадан топилаётган бир қатор ноёб осори-атиқалар Кушонлар даврида Чағониён моддий маданияти нақадар юксалганидан далолат беради. Холчаёндаги текширишлар Бақтрия-Кушон замонининг бинокорлик техникаси тўғрисидаги маълум тасаввурни янада кенгайтирди. Холчаён саройи, Рим Юнон меморчилигига хос таг курсилар воҳамиз тарихининг нақадар улуғлигидан далолатдир.
Бир сўз билан айтганда Хочаён топилмалари Денов тарихининг 2400 йиллик ёшини белгилашда ноёб ёдгорликдир.
Маълумки милоднинг I-IV асрларида ҳозирги Сурхондарё ҳудудлари Кушон империяси таркибига кирганлиги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий ҳудудлари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистоннинг бир қисми Кушон империясига тобе бўлган. Далварзинтепа эса Кушон империясининг илк пойтахти ҳисобланган.
Қорабоғтепада олиб борилаётган қазишма ишлари натижасида Кушон тарихига оид яна бир қатор осори-атиқалар топилиб, Деновнинг 3000 йилга яқин тарихга эга экани асослаб берилди. Чунки муҳим аҳамиятга эга бўлган қадимги савдо карвон йўлларидан бири-мамлакатни Шимолий Ҳиндистон билан боғлайдиган бўғин Сурхондарё ҳудудидан айни пайтда бу йўл ҳам кўп тармоқли бўлиб, ушбу йўллар Холчаён, Далварзинтепа билан шимолий Ҳиндистонни боғлаб, “Буюк ипак йўли” тармоғи сифатида кўҳна воҳанинг ҳар жиҳатдан юксалишига ката ҳисса қўшганлигини исбот этади.
Мамлакатингиздан топилаётган ҳар бир ёдгорлик бебаҳодир. У узоқ йиллардан буён Япония халқини ҳам қизиқтириб келмоқда. Яқинда Қорабоғтепадан топилган қаср деворининг ўзи бир мўъжизадир. Ҳар бирининг бўйи ва эни бир, узунлиги 4 метр келадиган пахсалар нақадар моҳирона қурилган. Аслини йўқотмаган топилма минг йиллардан гувоҳлик беради.
Воҳа нафақат маданий бойликлари балки бетакрор табиати билан ҳам алоҳида ажралиб турар экан. Синанинг улкан тоғлари, Сангардакдаги мўъжизакор шаршара, дарёлардаги зилол сувлар ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Келажакда ҳам ўзбек-япон ҳамкорлиги барча соҳаларда янада мустаҳкамланади, деб ўйлайман…
Жаҳон тамаддунида ўз ўрнига эга бўлган қадимий ва навқирон ҳудуд ана шундай бебаҳо бойликларга эгадир. Холчаёнда ҳали ўрганилмаган, биз билган ва билмаган қанчадан-қанча сир-синоатлар, тилсим янглиғ ганжлар яширин. Илмий-текшириш, экспедиция ишлари эса бугунда ҳам давом этмоқда.