Россия меҳнат мигрантларини чиқариб юбормайдиган бўлди

Президент Владимир Путин коронавирус инфекция тарқалиши оқибатларини бартараф этиш даврида Россия федерациясида “Ҳорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Кремль матбуот хизмати президент Владимир Путин фармонига таянган ҳолда хабар беришича, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этмаган бўлсалар 30 сентябрга қадар Россия ҳудудидан чиқариб юборилмайди.

Бу имтиёз Россия федерацияси чегара қонунчилигини бузган, озодликдан маҳрум этиш жойларидан чиқарилган, ёки миллий хавфсизликка раҳна соладиган чет элликларга нисбатан қўлланилмайди.

Россия Федерациясидаги хорижликлар 30 сентябрга қадар ички ишлар вазирлигига ўзларининг ҳуқуқий мақоми белгилаш ёки мамлакатдан чиқиб кетиш тўғрисидаги аризалар билан мурожаат қилишлари мумкин.