Самарқанд қоғози Хитойникидан ҳам сифатлими?

Башарият маданияти тараққиётида Шарқ китобат санъатининг беқиёс таъсири ва ўрни бор. Марказий Осиёда ушбу санъатнинг шаклланиши илк маротаба эрамизнинг II асрида Хитойда қоғознинг ихтиро қилиниши ҳамда унинг ишлаб чиқарилиши билан узвий боғлиқ. VIII асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан Самарқандда Хитой қоғозидан сира қолишмайдиган, ҳатто ундан ҳам сифатли бўлган қоғозни  кашф қилишга эришилди.

Ер юзининг сайқали, дея таърифланадиган бу манзилда олий навли қоғоз ишлаб чиқариш учун керакли хом ашёнинг барча тури — ипак, пахта, каноп, қамиш, похол, тут новдасининг пўсти каби неъматлар мўл эди. Улар моҳир усталарнинг қўлида нафис ва жилоли қоғозга айланарди. Шу тариқа она-Ватанимизда тайёрланган қоғоз турларига нисбатан “Самарқанд қоғози” ёки “Шарқона қоғоз” деган шартли атамалар ишлатилди. Кўп ўтмай, мазкур кашфиёт бутун оламга довруқ таратди.

Манбаларда ёзилишича, ҳали Европада папирус ҳамда пергамент асосий ёзув ашёси сифатида фойдаланилаётган бир пайтда Шарқ мамлакатларида аллақачон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди. Бу эса, айниқса, ҳозирги Марказий Осиё ҳудудларида қўлёзма китобларнинг ёйилишига кенг имконият яратди.

1931 йили Муғтепа тоғидан топилган Самарқанд ҳукмдорларига оид ҳужжатлар ва Тупроққалъада қўлга киритилган Хоразм архив материаллари Сўғдиёна, Хоразм ҳамда Бақтриядаги қоғозга ёзилган маҳаллий қўлёзмаларнинг араблар босқинидан аввалги даврларга оидлигини асослайди. Нима бўлганда ҳам, Х асрнинг охирларига келиб, Самарқанд қоғози папирус ва пергамент ўрнини тамоман эгаллади.

Ўрта асрларда Самарқандда қоғозсозлик кенг равнақ топди. Тадбиркор аждодларимиз ўз маҳсулотларини нафақат қўшни давлатлар, балки Буюк Ипак йўли орқали Европа бозорларига олиб чиқишди. Табиийки, ушбу жараён натижасида жаҳон олимлар, ёзувчи ҳамда шоирлар, котибу наққошлар юртимизда тайёрланган юқори сифатли қоғозлардан фойдалана бошлашди. Самарқанд қоғозининг таърифи ҳақида буюк санъаткор-хаттот Султон Али Машҳадий шундай ёзади: “Ҳар қанча синасанг ҳам Хитой қоғозидан яхшиси йўқ. Аммо Самарқанд қоғози бебаҳодир. Агар сен ақлли одам бўлсанг, ундан воз кечма, ундаги ёзув равон ва гўзал бўлади. У оддий бўладими, “султоний” бўладими, яхшисини олишга ҳаракат қил”. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса: “Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар, Жувози коғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат ҳам дерлар”, дея юксак эътироф этади.

Марказий Осиёда даврлар мобайнида қоғоз ишлаб чиқаришнинг бир нечта турлари пайдо бўлди. Айни замонда унга ҳамоҳанг тарзда уларни англатувчи янги атамалар ҳам шаклланиб борди. Бундай қоғоз турларидан бири “қоғози абришемий” деб номланган. У жуда сифатлилиги, тозалиги ҳамда пишиқлиги билан барча савдо аҳлини, айниқса, европалик савдогарларни ўзига ром этган. Мазкур қоғоз турининг бунчалик харидоргир бўлиши сабаби унинг ипакдан тайёрланганлигидадир. Шу туфайли “қоғози абришемий” жаҳон бозорида олтин тенгида баҳоланган. Яна бир қоғоз нави “қоғози нимкатоний” деб аталган. Ушбу қоғоз турини тайёрлашда ипак ва каноп толаси (катон)дан тенг нисбатда фойдаланилган. Мазкур қоғоз нави ҳам “қоғози абришемий” сингари жуда сифатли, пишиқ бўлиб, пардози ҳамда нафислиги билан ундан сира қолишмасди. Бундан ташқари, “қоғози нимкатоний” ялтироқлиги ва фусункорлиги билан бошқа қоғоз турларидан ажралиб турган.

Шарқда, шунингдек, қоғознинг яна бир неча турлари ишлаб чиқарилган ҳамда улар тайёрланган жойига нисбат берилган ҳолда, “қоғози самарқандий”, “қоғози бухорий”, “қоғози давлатободий”, “қоғози султоний”, “қоғози ҳаририй” (ипак қоғоз) деб номланган.

Албатта, улуғ аждодларимиз томонидан кашф этилган қоғознинг Буюк Ипак йўли орқали Европа бозорига етказиб берилиши жаҳон миқёсида илм-фаннинг, у асосида техника ва технология тараққиётининг тез суръатлар билан ривожланишига замин яратди. Самарқанд қоғози кашфиёти натижасида дунё нашриётчилиги шаклланди ҳамда равнақ топди. Илгари бир китобни тайёрлаш учун юзлаб ҳайвон терисидан не машаққатлар билан тери саҳифалар тайёрланган бўлса, кейинчалик Самарқанд қоғози асосида соҳанинг осон ва қулай технологияси кашф этилди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда қоғоз ишлаб чиқариш саноати янада ривожланди. Самарқанд қоғози бугунги кунда ҳам жаҳоннинг энг сифатли қоғозлари сирасига киради.