Сайёрамиз пластикка ғарқ бўлмоқда

Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1950 йилларнинг бошидан бери дунё миқёсида 8,3 миллиард тоннадан ортиқ пластик материаллар ишлаб чиқарилган. Ушбу массанинг тахминан 60 фоизи чиқиндихоналарда ёки табиатда тўпланган.

Пластик материаллар келтириб чиқараётган баъзи ташвишли тенденцияларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. 20 аср ўрталаридан бошлаб, пластмасса ишлаб чиқариш бошқа турдаги материалларга қараганда тезроқ ўсди. Пластмассанинг 99 фоизидан ортиғи нефть, табиий газ ва кўмирдан олинадиган кимёвий моддалардан ишлаб чиқарилади. Буларнинг барчаси табиатга зарарли ва қайта ишлаб бўлмайдиган ҳамда тикланмайдиган ресурслардир. Агар ҳозирги тенденциялар давом этадиган бўлса, 2050 йилга келиб пластмасса саноати дунёдаги умумий нефть истеъмолининг 20 фоизини ташкил қилиши мумкин.

Ҳозиргача ишлаб чиқарилган барча пластик чиқиндиларнинг атиги 9 фоизи қайта ишланган. Тахминан 12 фоиз қисми ёқиб юборилган, қолган 79 фоизи эса чиқиндихоналарда ёки табиий муҳитда жамланган.

Дарёлар денгиз ва океанларга пластик чиқиндиларни ташувчи асосий восита ҳисобланади. Оқибатда дунё денгиз ва океанлари ҳам ифлосланиб кетяпти. Ҳар йили тахминан 8 миллион тонна пластик дунё океанига тушади.

Агар инсоният ўз йўлида ҳозиргидек давом этса, океанларимизда 2050 йилга бориб балиқдан кўра пластмасса кўпроқ бўлади.

Аммо, ҳамон пластик чиқиндиларнинг глобал ҳажми ўсишда давом этмоқда ва баъзи йирик ишлаб чиқарувчилар ўз чиқиндиларини самарали қайта ишлаш йўллари ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслар.