Сомалидаги шаҳарни жангарилар ишғол қилди

 “Аш-Шабаб” жангарилари Сомали жанубидаги муҳим стратегик нуқта ҳисобланган Марин Губаи шаҳрини ишғол қилишди. Воқеа шаҳардан Африка иттифоқи тинчликпарвар миссияси таркибидаги Уганда аскарлари чиқиб кегандан бир неча соат ўтгач рўй берди. Бу ҳақда сешанба куни Somali Guardian хабар беради.

Марин Губаи шаҳри жангарилар доимий равишда ҳужум уюштириб турадиган муҳим порт шаҳар Бараведан 40 км. узоқликда жойлашгандир. Жангарилар бир неча йилдан бери Баравени қўлга киритиш пайидалар.

Уганда тинчликпарвар кучларининг нима сабабдан Марин Губаи шаҳридан чиқиб кетганлиги ҳозирча номаълумдир. Қуйи Шабелле ҳокимияти раҳбари Абдулқодир Муҳаммад Нур Сидининг айтишича, Уганда аскарлари Сомали армиясининг доимий аскарлари билан алмаштирилиши керак эди. Аммо номаълум сабабларга биноан бу амалга ошмади.

“Аш-Шабаб”  террористик ташкилоти Сомалида 2004-йили тузилган бўлиб, унинг жангарилари 2008-йилдан бошлаб мамлакатда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириб келишмоқда.