Трюдо: АҚШ билан чегарадаги чекловларни бекор қилиш бўйича келишувга эришмадик

Канада бош вазири Жастин Трюдонинг айтишича, у ва АҚШ президенти Жо Байден коронавирус пандемияси сабабли қўйилган чегарадаги чекловларни бекор қилиш бўйича келишувга эриша олмаган.

Трюдо Байден билан 2020 йил март ойида пандемия бошланиши билан Қўшма Штатлар ва Канада ўртасида муҳим бўлмаган саёҳатларга қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисида гаплашиб, Канада чекловларни бекор қилишдан олдин ўз фуқароларини кўпроқ эмлаш зарурлигини кўрсатганини тушунтирди.

“Биз тўғри йўлда олдинга силжиш учун яқиндан ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз, аммо ҳар биримиз ҳар доим ўз фуқароларимизнинг манфаатлари ва хавфсизлигини биринчи ўринга қўямиз”, дея қўшимча қилди у.

Канада ўтган ҳафтада июль ойидан бошлаб тўлиқ эмланган фуқаролар учун карантин қоидаларини юмшатишини эълон қилди.

“Рейтерс”нинг хабар беришича, Қўшма Штатлар ва Канададаги ишбилармонлар чегара чекловлари, икки мамлакат ўртасида сайёҳлик сафарларини камайтирганлиги ва туризмга таянадиган Канада компаниялари ва авиакомпанияларига таъсир қилишидан шикоят қилишган.