Уйғурлар Хитойда қуёш батареялари ишлаб чиқаришда мажбуран ишлатилмоқда

Янги тақдим қилинган ҳисобот Хитой уйғурларни мажбурий равишда қуёш батареялари ишлаб чиқаришда ишлатаётганидан огоҳлантиради.

Буюк Британиянинг Шеффилд Ҳаллам университети томонидан ўтказилган тадқиқотда баён этилишича, Шинжон минтақасидаги озчиликни ташкил этувчи этник уйғур мусулмонлари доимий таъқиб ва қайта ўқитиш ҳамда тарбиялашнинг таҳдиди остида, “меҳнат тақсимоти” лойиҳаси доирасида “мисли кўрилмаган мажбурлаш муҳитига жойлаштирилган”.

Ҳисоботда айтилишича, қуёш модулларининг 95 фоизини ташкил этувчи ва панелларда ишлатиладиган асосий материал ҳисобланган полисиликон ишлаб чиқариш фабрикаларининг 45 фоизи аксарият уйғурлар яшайдиган Шинжон вилоятида жойлашган.

Текширув натижасида Хитойнинг кўплаб йирик хом ашё ишлаб чиқарувчилари, полисиликон асосида қуёш панеллари тайёрловчилари минтақада маҳаллий аҳолини мажбурий меҳнат асосида ишлатувчи корхоналар эканлиги аниқланди.

“Ушбу ишлаб чиқарувчиларнинг мажбурий меҳнатдан фойдаланиши қуйида қуёш модулларини ишлаб чиқарувчиларга ва уларни сотиб оладиган ҳукуматлар ва истеъмолчиларга сезиларли салбий таъсир кўрсатади”, – дейилади ҳисботда.

Мамлакатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш мажбуриятини олгани сабабли қуёш батареяларига талаб ошиб бормоқда. Тадқиқотчилар таъминот занжири қайсидир маънода мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган 90 та Хитой ва халқаро компанияларни аниқладилар.

Шинжонга киришга рухсат бериш учун Пекинга халқаро босим кучаймоқда. Германия, Буюк Британия ва АҚШ БМТнинг виртуал йиғилишини ўтказиб, Хитойда инсон ҳуқуқларнинг бузилишини қоралади. Хитой эса бу айбловларни бир неча бор рад этган.

Халқаро Амнистия ташкилоти бош котиби Агнес Калламард тадбирда минтақада тахминан бир миллион уйғур ва асосан мусулмон этник озчиликлар ўзбошимчалик билан ҳибсга сақланаётганини айтиб ўтди.

АҚШ президенти Жо Байден иттифоқчиларни июнь ойида бўлиб ўтадиган раҳбарлар учрашуви чоғида мажбурий меҳнатдан фойдаланаётгани сабабли Пекинга босимни кучайтиришга чақиришини айтди.