Вайрона Ғазода теледастур суратга олинди

Миср расмий телевидениеси Исроил ишғоли остидаги Ғазо минтақасида 2006-йилдан бери илк бора жонли эфирга чиқди. Бу дастур Миср Араб Республикаси биринчи каналининг энг машҳур программаси бўлган “Хайрли тонг, Миср” доирасида томошабинларга намойиш қилинди.

Дастур Рафаҳ чегара постидан ўтиб Ғазога келган икки медиа ходими Хедир Абу Зайд ва Муҳаммад ал- Шозилий томонидан олиб борилди.

Бошловчилар Ғазодаки ҳозирги аҳвол ва Миср ҳукуматининг Фаластин халқига кўрсатаётган ёрдами ҳақида сўзлаб бердилар.

Ғазода 10-май куни бошланган Исроил ҳужумлари 21-майгача давом этди ва Хамас ташкилоти билан тузилган оташкес натижасида тўхтатилди. Бу хунрезликлар оқибатида 254 киши ҳалок бўлди, 1948 киши жароҳатланди, минглаб бинолар вайрон бўлди.