Virgin Atlantic компанияси фаолиятини кенгайтирмоқчи

Virgin Atlantic компанияси Бристолда жойлашган Vertical Aerospace билан ҳамкорлик доирасида учар такси хизматини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганмоқда.

Авиакомпания шаҳарлардан йирик аэропортларга қатновчи “электровертикал учиш ва қўниш транспорт воситалари” (EVTOL) лойиҳаларини амалга ошириш таклифи билан чиқди.

Бугунга қадар бир нечта технологик компаниялар автоном равишда “учадиган таксилар” ғоясини илгари суришди. Улар йўловчиларни шаҳар марказларидаги уйларнинг томларидан олиб, йўловчилар истаган манзилга олиб боришлари мумкин.

Virgin Atlanticнинг таклифи эса бироз бошқачароқ. Компания учар таксилар одамларни Кембридж каби катта шаҳарлардан олиб, Лондоннинг Хитроу каби йирик аэропортларига олиб бориши кераклигини айтмоқда.

Vertical Aerospace компанияси эса бу йил ўз транспорт воситаларининг синов парвозларини амалга оширяпти. Унинг VA-X4 моделли учар машинасида тўрт нафар йўловчи ва бир нафар учувчи жойлашиши ва учар такси 100 миль масофагача учиб бориши мумкин.

Шунингдек, учар таксилар вертолётдан кўра пастроқ шовқин чиқариши айтилмоқда.