Халқ Демократик партияси идорасига ҳужум қилинди, қурбон бор

Туркиянинг Измир губернаторлиги томонидан берилган баёнотга кўра, 1994 йилда туғилган ва собиқ тиббий ходим бўлган босқинчи, Халқ Демократик партияси (ХДП) биносига бостириб кириб, идора ходими Дениз Пойразни отиб ўлдирган.

Туркиянинг учинчи йирик партияси ҳисобланган ХДП яқинда сиёсий босимлар остида қолган эди. Президент Тойиб Эрдўғаннинг АК (Адолат ва ривожланиш) партиясининг (АКП) иттифоқчилари уни ноқонуний Курдистон Ишчилар Партияси (ПКК) жангари гуруҳига алоқадорлиги сабабли тақиқлашга чақирган. 600 кишилик Туркия парламентида 55 ўринга эга ХДП жангарилар билан алоқадорлигини рад этиб келади.

Туркия Бош прокурори партияни ёпиш учун иш очган, унинг собиқ раҳбари ва партиянинг бошқа бир неча юз аъзолари ҳозирда панжара ортига ташланган.

ХДП ўз веб-сайти орқали берган баёнотида уюштирилган ҳужум учун ҳукуматни айбламоқда.

Курдистон Ишчилар Партияси (ПКК) Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террористик гуруҳ деб топилган.