Хитойда янги вирус тарқалмоқда

Парранда тумови вирусининг H7N9 штамми 2016-2017 йилларда 300 га яқин одамни ўлдирган

Хитойда топилган ва илк бор инсонга юққани айтилаётган штамм Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳам эътиборини ўзига тортди.

Парранда тумови вирусининг жуда кам учровчи H10N3 штамми 41 ёшли хитойликда аниқланди.

Бу – одамлар юқтирган илк ҳолат бўлди.Хитойлик бу штаммни қандай юқтиргани маълум эмас.Масъуллар ҳалича батафсил маълумот беришмаган.

Аммо H10N3 штамми одамдан одамга осонлик билан юқмаслиги тахмин қилинади.

Ҳодиса ўтган ҳафта Цзянсу вилоятида юз берган.Штамм аниқланган бемор ҳозирга келиб соғайган.Уйига жавоб берилиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

Парранда тумови вирусининг бир қанча штаммлари бор. Паррандачилик соҳасида банд одамларнинг уларни юқтириши янгилик эмас.

Бунга ўхшаш хабарлар, кам бўлса-да, учраб туради. Ҳозирча H10N3 штаммини юқтириш билан боғлиқ бошқа ҳолат қайд қилинмаган.

Паррандачилик корхоналарида ишловчилар парранда тумовини юқтириб туришади

Аммо Пекин Соғлиқни сақлаш комиссиясининг сешанба кунги баёноти анчайин хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Мазкур комиссиянинг айтишича, Чжэньцзян шаҳри яшовчиси 28 апрель куни касалхонага ётқизилган.

Фақат орадан ой ўтибгина, унда H10N3 штамми аниқланган.

Аммо, комиссияга кўра, “бу штаммнинг кенг оммага тарқалиб кетиши эҳтимоли жуда кам”. “H10N3 штаммининг инсонга юқиши илк бор қайд этилаётган бўлса-да, бу тасодифий ҳолат бўлган”.

Комиссиянинг баён қилишича, “бу штаммнинг патогенлиги паст”.

“Шу боис ҳам, паррандаларда оғир касалликларни келтириб чиқармайди ва тез тарқалиб кетмайди”.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Рейтер ахборот агентлигига айтишича, “шу пайтгача мазкур штаммнинг одамдан одамга юқиши ҳолати кузатилмаган”.

Халқаро ташкилотга кўра, “парранда тумови вируси уй паррандалари орасида учраркан, одамларнинг ҳам унга чалинишлари ажабланарли воқеълик эмас. Аммо бу грипп пандемияси хавфининг доимий эканига яққол эслатмадир”.

Ҳозир парранда тумови вирусининг H5N8 штамми кенг тарқалган.

Худди шу боис, қатор Европа давлатларида юз минглаб парранда йўқ қилинган.

H5N8 штамми паррандадан инсонга юққани билан боғлиқ илк ҳолат эса, шу йилнинг февралида Россияда кузатилган.

Ҳозир одамларнинг парранда тумови билан оғриши камдан-кам учрайди.

Аммо парранда тумови вирусининг H7N9 штамми 2016-2017 йилларда 300 га яқин одамни ўлдирган.