Хитойнинг амалга ошмас орзуси

Ци Цзин Пин вақтга қарши курашмоқда. Хитойнинг илк давлардаги иқтисодий тикланиши ва КОВИД-19ни изоляция қилиш жараёнлари сусаймоқда. Халқаро оммавий ахборот воситалари бошқа жойларда эмлаш самарадорлиги ва вакциналар ишлаб чиқариш ошганлигини айтиб ўтмоқдалар ва бошқа давлатлар ҳам иқтисодиётларининг ўсиш суръатларини эълон қилишни бошладилар.

Шунга қарамай, Ци Цзин Пин Хитойнинг ўзига хослиги ва устунлиги ҳақида баралла ҳикоя қилишни давом эттирмоқда. “Шарқ юксалмоқда, Ғарб эса таназзулга юз тутмоқда”, – деган эди у ўтган йилги нутқида.

Аммо бундай баланпарвоз риторика ортида ноқулай ҳақиқат яширинган: Хитойнинг ўз ички жамияти мураккаб ва қийин усуллар билан синмоқда ва синдириляпти. Мамлакатда инсонларнинг жинси ва этник келиб чиқишига асосланган камситиш кенг тарқалган бўлиб, жараён тобора кўпроқ миллатчилик ва нафратга тўлиб-тошган онлайн муносабатлар билан мустаҳкамланиб боряпти. Ижодий синф қатлами қуйи раҳбар мутасаддилари билан доимий зиддиятда. Қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасида жиддий тенгсизлик сақланиб, ортиб бормоқда.

Ҳукумат бир нечта автоном туманлар – Шинжон, Тибет ва Ички Мўғулистонни ўзларининг диний ва маданий қадриятларидан маҳрум қилишга интилди ва сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш учун уларни фавқулодда кузатув ва полициянинг доимий текшируви объектига айлантирда.

Шинжонда бир миллионга яқин уйғур мусулмонлари меҳнат ва таълим лагерларига қамоққа ташланди. Аҳоли сони бўйича Шинжон Хитойнинг 21 энг йирик вилояти, аммо ижтимоий хавфсизлик ва ҳимоя харажатлари бўйича қуйи ўринларда туради. Шинжоннинг уйғурлари ва бошқа туркий мусулмон аҳолиси азалдан турли хил камситишлардан азият чекишган, масалан, уларга ўз вилоятларидан ташқарида меҳмонхоналарга кириш ёки баъзи ишларга жойлашиш тақиқланган. Бу ҳақида озчиликни ташкил этувчи кам сонли хитойлик мутахассислар камдан-кам очиқ гапиришади.

Давлат аёлларга нисбатан ҳам худди шундай меҳрсиз. Хитой Коммунистик партияси раҳбариятининг юқори даражасида фақат бир нафар аёл киши бор ва Марказий Қўмитанинг 204 нафар энг кучли аъзоларининг атиги 4,9 фоизини аёллар ташкил этади.

Жаҳон иқтисодий форумининг 2021 йилги Global Gender Gap ҳисоботида, иқтисодий, сиёсий, таълим ва соғлиқни сақлаш мезонлари бўйича гендер номутаносиблиги баҳоланди ва Хитой 144 мамлакат ичидан 107 ўринни эгаллади.

Зиёлиларнинг обрўси ҳам тобора камайиб бормоқда. Таниқли иқтисодчи Чен Венлининг таъкидлашича, агар Хитой глобал мафкуравий ва интеллектуал кучга айланишни режа қилган бўлса, унда давлат кўпроқ “Хитой академиклари учун бағрикенглик, мослашувчанлик ва эркинлик” сиёсатини таъминлаб бериши керак. Пекин университети профессори Жиа Цинггуо хитойлик олимларнинг чет эллик ҳамкасблари билан алоқаларида бюрократик чекловларни бекор қилишни таклиф қилди.

Хитой раҳбарлари мамлакат иқтисодий жиҳатдан энг юқори нуқтага етганлиги бўйича натижани мутлақ деб қабул қилдилар. Февраль ойида президент давлатда камбағаллик устидан эришилган юксак ғалабани эълон қилди. Лекин кўп ўтмай, Бош вазир Ли Кецян барчани ҳайратга солиб, мамлакатда 600 миллиондан зиёд киши (аҳолининг 40 фоизи) ойига 140 доллар ёки ундан камроқ пулга яшаётганини маълум қилди.

Хитой жамиятининг муҳим тармоқлари бўйича бундай сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқсизлик харажатлари ҳозирда мамлакат учун жуда оз кўриниши мумкин, аммо узоқ муддатли жараёнда унинг акс таъсири чуқур бўлади. 15-30 ёшли Гонконг ёшлари ўртасида ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, 57,5 ​​фоиз ёшлар, иложи бўлса, мамлакатдан чиқиб кетмоқчи. Катталар ўртасида ўтказилган алоҳида сўровнома натижаларига кўра эса 42,3 фоиз аҳоли ҳам чет элга кўчиб кетишни хоҳлайди.

Хитойнинг қутблаштирувчи ички вазияти унинг бошқа мамлакатлар билан алоқаларига ҳам таъсир қилмоқда. Шинжонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши кўп миллатли компанияларни таъминотчи сифатида бошқа муқобил манбаларни излашга ундади ва Гонконгдаги сиёсий репрессиялар чет эл фирмаларини ўзларининг операцияларини Сингапур каби бошқа Осиё давлатларига кўчиришларига олиб келди. Канада, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар олиб борилаётган ушбу сиёсат учун тўғридан-тўғри жавобгар деб ҳисобланган шахсларга ва Шинжонда мажбурий меҳнатга таянадиган корхоналарга қарши санкциялар жорий қилдилар. Европа Иттифоқи, шунингдек, Хитой расмийлари қарши санкцияларни бекор қилмаса, Пекин билан инвестициялар бўйича кенг қамровли битимни қабул қилишни хатто “ўйлаб кўрмаслигини” маълум қилди. Хитойнинг 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинларини кўплаб мамлакатлар ўртасида ҳеч бўлмаганда қисман бойкот қилиш тўғрисида ёндошув тобора кучайиб бормоқда.

Агар президент хатоларни тўғирлаб, ҳар тарафлама манфаатли йўл тутмаса, унинг “Хитой орзуси” хомҳаёлга айланиши мумкин.